Янги вазифалар белгиланди

12.05.2021 12:05:37

Туман партия ташкилоти пандемия ҳукм сурган 2020 йилда қандай фаолият кўрсатди? Қандай ютуқларга эришилди? Фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш учун нима қилиш керак? Олдинда қандай вазифалар турибди? Уларни бажаришда қайси масалаларга кўпроқ эътибор бериш зарур?  Ўзбекистон "Адолат" СДП Тўрақўрғон туман кенгашининг куни кеча бўлиб ўтган  VI Пленуми  иштирокчилари ана шу каби саволларга жавоб изладилар.

Ижроия қўмитасининг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва 2021 йилдаги устувор вазифалари тўғрисида маъруза қилган туман партия кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова ва музокарада қатнашганлар масалага ўта талабчанлик билан ёндошганликлари яққол кўзга ташланди. Чунки тўрақўрғонликлар бугунги кунда вилоятда энг самарали фаолият олиб бораётганликлари тан олинган. Уларда гўёки хотиржамликка берилишга асос бордай туюлади. Лекин бу билан қўлга киритилган натижаларни бой бериб қўйиш ҳеч гап эмас. Фикримиз исботи учун пленум иштирокчиларидан айримларининг фикрларини келтирамиз.

Бекзод Жўраев, “Ёш адолатчилар” қаноти раиси:

- Туманда партиямиз сафлари асосан ёшлар ҳисобига кенгайиб бормоқда. Бу, яхши, албатта. Лекин уларнинг партиявий фаолият оқимига тушиб олишлари қийин кечмоқда. Айримлар аъзолик бадалларини ҳам тўламайдилар. Фаоллик даражасини янада ошириш талаб этилади. Шунинг учун кенгаш бу масалани алоҳида назорат остига олиши керак, деб ўйлайман.

Толибжон Босиджонов, халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси:

- Мамлакатимизда туб ислоҳотлар авж олган ҳозирги пайтда  кўп нарса депутатларга ҳам боғлиқ. Ўтган ҳафтада биз Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашдик. Мулоқот кун тартибидаги асосий масала депутатлар фаоллигини ошириш бўлди. Очиғини айтганда, биз ҳали ўз ваколатларимиздан тўла фойдаланмоқдамиз, дея олмайиз. Чунки баъзан назарий билимлар етишмай қолади, гоҳида эса амалий кўникмалар камлигидан қийналамиз. Демак, ўз сиёсий даражамизни ошириш ҳақида ўйлашимиз керак. Партия кенгаши, фаоллар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳам фойдадан ҳоли эмас.

Насибахон Барноева, “Аёллар қаноти” фаоли:

- Туманда партиямиз нуфузини ошириш, сайловолди дастурини амалга оширилишини таъминлаш кўп жиҳатдан аёлларимизга ҳам боғлиқ. Ҳозир Тўрақўрғонда уч мингдан зиёд “Адолат” СДП аъзоси бор. Уларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Ичимизда ўзининг ибратли ишлари билан кўпчиликка намуна бўлаётган опа-сингилларимиз анчагина. Уларнинг тажрибасини кенг оммалаштиришимиз ва ўрганишимиз даркор. Чунки аъзолик бадали тўлаш билан иш битмайди. Партиявий лойиҳаларда фаолроқ қатнашишимиз даркор.

Туман кенгаши пленуми қабул қилган қарорда ана шу каби таклиф ва мулоҳазалар ўз аксини топди. Уларни бажариш фаолият самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади, албатта.

            Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+