Янгиариқда ўрганиш натижалари сессия қарори билан амалиётга йўналтирилди

14.03.2022 15:03:27

Партиянинг Янгиариқ туман Кенгаши фаоллари, депутатлари ҳамда тегишли ташкилот вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ партиянинг «Тозалик йўлида бирлашайлик лойиҳаси доирасида ҳудудда ўрганиш ишларини олиб борди.

Жумладан, туман ҳудудидаги кўчалар, ташкилот ва муассасалар ободонлиги, атроф-муҳит тозалигига риоя қилиш масаласи ўрганиб чиқилди, амалга оширилган ишлар муҳокама қилиниб, қуйидагича қарор лойиҳаси ўқиб эшиттирилди.

Партиянинг «Тозалик йўлида бирлашайлик» лойиҳаси доирасида партия туман Кенгаши депутати Ш.Худайбергановнинг туманимиз маҳаллаларида аҳолининг атроф-муҳит тозалигига муносабати ҳамда ҳудудлардаги чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар юзасидан ишчи гуруҳ ўтказган ўрганишлар натижалари тўғрисидаги ахбороти маълумот ва ижро учун қабул қилинди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда корхона ва ташкилот раҳбарлари зиммасига ҳудудидаги кўчалар ободончилиги талаб даражасида эмаслиги, корхона ва ташкилот раҳбарлари ўзлари фаолият юритаётган жойларда тозаликка риоя қилиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш, аҳолининг санитария-гигиена ва тиббий маданиятини оширишда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда сайёр учрашувлар ва давра суҳбатларини ташкил этиб бориш каби вазифалар топширилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида чиқиндилар билан боғлиқ масалалар юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, бу борада маҳаллалардаги ёши улуғ ва халқ орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган инсонлар ҳамда маҳалла фаоллари кўмагидан фойдаланиш, аҳоли томонидан чиқиндилар билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар содир этилганда, айбдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда атроф-муҳитга келтирган зарари учун жаримага тортиш чораларини кўриш ва жамоатчилик орасида муҳокама қилиш чорасини кўриш масаласи туман Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси М.Курбонов зиммасига юклатилди.

Туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Ражабов туман марказий кўчаларида ободончилик ишларига алоҳида эътибор қаратишга масъул этиб белгиланди.

Аҳоли яшаш пунктлари ва унга яқин ҳудудларда тўпланиб қолган турли чиқиндиларни олиб ташлаш чораларини кўриш Хоразм вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК Янгиариқ тумани филиали раҳбари С.Вафоевга ҳамда кун тартибида кўрилган масала юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ОАВ, интернет тармоқларида кенг ёритиб бориш туман ҳокимлиги матбуот котиби Дилноза Собирова зиммасига юклатилди.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Янгиариқ тумани Кенгашининг доимий комиссия раислари зиммасига юклатилди.

Қарор лойиҳаси бир овоздан қабул қилинди ва сессия қарори билан амалиётга йўналтирилди.

Барногул САПАЕВА,

«Адолат» СДП Янгиариқ туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+