Янгиердаги энг тоза маҳалла, кўча ва хонадонлар аниқланди

09.10.2020 12:10:21

 

Ўзбекистон «Адолат» СДП Янгиер шаҳар Кенгаши томонидан Янгиер шаҳрининг 8 та маҳалласи миқёсида партиянинг «Тозалик – соғлом ҳаёт мезони» лойиҳаси доирасида «Энг тоза кўча», «Энг тоза хонадон», «Энг тоза маҳалла» номинациялари бўйича тадбир уюштирилди. Кўп қаватли уйлар ва якка тартибдаги хонадонларда истиқомат қилаётган аҳоли ўз уйлари атрофида тозалаш-ободонлаштириш ишларига жалб қилинди. Мазкур лойиҳа  маҳалла раислари ҳамда уларнинг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосарлари ҳамкорлигида  карантин тартиб-қоидаларига амал қилинган ҳолда ўтказилди. Тадбирда «Темур Малик» маҳалласи «Энг тоза маҳалла» номинациясини қўлга киритди.

«Энг тоза кўча» номинацияси бўйича эса 78 та кўчалар ҳолати ўрганилиб чиқилди. Лойиҳа талабларига асосан аҳоли томонидан  хонадонлар атрофи ва кўчаларнинг тоза-озода сақланганлиги ўрганиб чиқилиб, баҳоланди. 20 дан ортиқ гуллар ва манзарали дарахтларни парвариш қилганликлари учун Темур Малик кўчаси рағбатга муносиб деб топилди.

«Энг тоза хонадон» номинацияси бўйича ўтказилган тадбирда 8 та маҳалладан танлаб олинган 8 та хонадонлардан Янгиер шаҳрининг Салимов кўчаси 3-уй 1-хонадонда яшовчи Маҳбуба Самадова  хонадони «Энг тоза хонадон» номинацияси бўйича ғолиб деб топилиб ғолиблар Ўзбекистон «Адолат» СДП Янгиер шаҳар Кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Энг муҳими лойиҳадан кўзланган мақсад атрофида янгиерлик ўзаро ҳамжиҳатликда ободонлаштириш ишларида фаоллик кўрсатишди. Партиянинг мазкур тадбири сабаб Янгиер шаҳридаги 8 та маҳалладаги 1500 нафардан ортиқ аҳоли вакиллари ягона шиорни олға сурди. «Тозалик йўлида бирлашайлик!». Зеро, обод манзилларда пок инсонлар яшайди. 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+