Янгиланаётган даврда фаол одимлаётган сиёсий куч

15.02.2024 15:02:57

18-февраль куни Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкил топганига 29 йил тўлади

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят ташкилотлари томонидан сиёсий куч ташкил этилганлигининг 29 йиллиги олдидан “Адолатли келажакни танлаймиз” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Бугун ана шундай учрашув Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ва Қарши шаҳар Кенгаши томонидан Қашқадарё технологик транспорт очиқ ҳиссадорлик жамияти тадбиргоҳида “ Ҳуқуқий давлатни биргаликда қурамиз” мавзусида ташкил этилди.


Тадбирда депутатлар, партия фаоллари, жамият ишчи-хизматчилари, хотин-қизлар ташкилотлари. ёшлар, шаҳар жамоатчилиги, таълим, тиббиёт муассасалари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.


Учрашувда партиянинг вилоят Кенгаши раиси халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов иштирокчиларга Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг тарихи, таркиби, фаолияти тўғрисида гапириб берди.
-Партиянинг вилоят Кенгаши 1996 йил сентябрь ойида ўз фаолиятини бошлаган,-деди Руиддин Раупов.-Ўша йиллари партиямиз сафларида саноқли аъзоларимиз бор эди. Фаолларимиз халқ ичига кириб, партиямиз ғояларини кенг тарғиб этдилар.Ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашга ташаббускор бўлдилар. Аҳолини камчиликларга муросасиз бўлишга ундадилар. Партиянинг сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларини, келгусидаги режаларини одамларга тўғри етказдилар. Шу туфайли ҳам халқ бизларга эргашди. Амалга оширилаётган барча ислоҳотларга фаоллик кўрсатди.


Дарҳақиқат, партиянинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, адолатли келажак ҳамда ҳуқуқий давлатни барпо этиш борасидаги ислоҳотларга қўшаётган улуши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ҳурмат ила ёндашув зарурлиги “адолатчилар” томонидан тарғиб этилди.
-Партиямиз ташкил этилганлигининг 29 йиллиги нишонланаётган ҳозирги кунда вилоят партия ташкилотларимизга 45 мингдан ортиқ аъзо уюшган,-деди Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари, “Аёллар қаноти” фаоли Ораста Тошева.-Ўтган сайловда вилоятимиз тарихида илк маротаба партиямиздан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 3 нафар, маҳаллий Кенгашларга эса 68 нафар депутатлар сайланди.
Тадбирда партия фахрийси Абдуқаххор Ахмедов, ҳуқуқшунос Абдурахмат Кенгбоев, адвокат Норсафар Норматов, “Ёш адолатчилар қаноти” етакчиси Камолиддин Камолов, “Аёллар қаноти” фаоли Дилафруз Ёвқочдиева ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ижтимоий-сиёсий жараёнларда “Адолат” СДПнинг салмоғи ортиб бораётганини эътироф этдилар. Энг муҳими, халқ партияни қўллаб-қувватламоқда.
Учрашувга таклиф этилган ҳуқуқшунос Дилрабо Чориева, Конституциянинг яратилиш тарихи, боб ва моддаларнинг мазмун-моҳияти, мақсади билан тўпланганларга қизиқарли маълумотлар берди. Шунингдек, маърузачи бош Қомусимизнинг аввалги Конституциядан фарқи, халқимиз томонидан берилган таклифлар асосида ишлаб чиқилгани ва қабул қилингани, 6 та бўлим, 27та боб ҳамда 155 та моддаларда жамият ҳаётининг барча соҳалари қамраб олингани таъкидланди.
Учрашувда депутатлар, жамоатчилик вакиллари ҳам сўзга чиқиб, партия аъзоларининг инсон қадри улуғланган адолатли жамият барпо этиш йўлида олиб бораётган хайрли ва сермашаққат ишларида омад ёр бўлишини , “Адолат”нинг саодатли кунлари, ютуқлари боқий бўлишини тиладилар.
Тадбирда бир гуруҳ фаоллар, фахрийлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят кенгаши
матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+