Янгиланган Конституция – тараққиётга дадил қадам

24.06.2022 15:06:20

Ҳар бир давлатнинг тартиб-қоидаларини, эзгу умидлари, истаклари ва мақсадларини рўй-рост ифодаловчи юзи – Конституцияси мавжуд бўлади. Худди шунингдек, бизнинг давлатимизнинг ҳам юзи, мақсадларимизнинг маънавий тимсоли бу – Конституциямиздир.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, фуқаролик жамияти институтларини ролини ошириш, аҳоли турмуш шароитни яхшилаш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қилувчи, янги қонунларни ишлаб чиқиш ва амалдагиларга замон талабларига мос равишда қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Асосий қонунимизни бугунги реал воқеликка мослаштириш, Халқимизнинг бу борадаги хоҳиш ва истакларини амалга ошириш учун Олий Мажлис палаталари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолият бошлади. Оз фурсат ўтган бўлсада, Конституцияни такомиллаштириш бўйича фуқаролардан кўплаб таклифлар билдирилди. Ўтган бир ой давомида мазкур комиссияга халқимиздан 48 минг 492 та таклиф келиб тушган. Қувонарлиси, ушбу сиёсий жараёнда фуқароларимизнинг фаоллиги яққол сезилмоқда. 

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди.

Учрашувда давлатимиз раҳбари аҳолининг бундай фаоллигини, мамлакатимиз келажагига дахлдорлик ҳиссини юксак баҳолаб, конституциявий ислоҳотлар юзасидан ўз фикрларини билдирди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Конституциявий комиссия билан учрашувидаги нутқи мени ҳамда партиямиз фаолларини янада руҳлантириб юборди.

Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва Халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим. Бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон –жамият-давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур. Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак, - деди юртбошимиз учрашувда.

Дарҳақиқат, Халқимизнинг фаровон турмуш тарзи учун саъй-ҳаракатлар,  уларнинг манфаатлари, орзу-истаклари бугун барча ислоҳотларда бўй кўрсатмоқда. Бугун қай бир соҳага қарамайлик энг аввало инсон манфаати унинг хоҳиш-иродаси, қадр-қиммати учун ғамхўрликлар мужассам.

Йиғилишда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи биринчи йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди.

Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи экани таъкидланиб, Конституцияга “Ўзбекистонда ўлим жазоси таъқиқланади”, деган нормани киритиш таклифи билдирилди.

Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслигини қатъий ёзиб қўйиш зарурлиги айтилди.

Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда давлатимиз раҳбари бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиз бўлишини таъкидлади.

Биз ва партиямиз фаоллари ҳам ушбу учрашувдаги юртбошимизнинг нутқидан янада шижоат олиб, бор куч-ғайратимизни Ўзбекистонимизнинг буюк келажагини барпо этиш, тараққиётимиз ҳамда Халқимизнинг фаровон турмуши йўлида сафарбар этамиз. 

Мақсуд Ҳамидов,

“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+