Янгиланишлар сари яна бир муҳим қадам

31.03.2021 17:03:50

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни янада фаровон манзилга айлантириш борасида муҳим вазифалар белгиланди.

Хусусан, қишлоқ жойларида зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, аҳолининг турмуш даражаси ва яшаш шароитини яхшилаш, йўллар, ижтимоий объектлар, мактаб, боғча, поликлиникаларни таъмирлаш ва бошқа шу каби масалалар учун ташқи қарз жалб этмасдан, жами 21 триллион сўм йўналтирилиши халқимизнинг узоқ кутилган орзу-умидларини рўёбга чиқариш, янгиланишлар остонасига қадам қўйишига замин яратди, десак муболаға эмас.

Шунингдек, видеоселектор йиғилишида бугунги кунда юртимизда шароити оғир бўлган қишлоқ ва шаҳарларда мавжудлиги, 4 мингдан зиёд маҳалланинг электр таъминоти қониқарсиз аҳволдалиги, қишлоқларга инфратузилмани олиб бориш масаласи алоҳида муҳокама этилди. Қувонарлиси шундаки, бундан буён “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар томонидан белгилаб берилиши, туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилиши, маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини тасдиқлаши, қурилиш вазирлиги ҳокимликлар билан бирга уларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга масъул бўлиши ижобий ўзгаришларнинг натиждорлигини мана энди аниқ кўрсатиб беради.

Яна шунингдек йиғилишда аҳоли бандлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур. Сарфланган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу вазифалар эса, албатта, маҳаллий Кенгаш фаоллари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Мазкур видеоселектор йиғилишидан келиб чиқиб ўз олдимизга аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олдик.

Мухтасар айтганда муҳтарам Юртбошимиз бошчигидаги улкан бунёдкорлик ишлари юртдоларимизнинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб, ўтказаётган ҳар бир кунига шукроналик келтиришга, халқимиз ҳаётини фаровон масканда кўришларига хизмат қилиши билан ҳам янада аҳамиятлидир.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+