ЯНГЛИШ ҚАДАМ ФАЛОКАТДИР

16.08.2022 18:08:12

Шу қадим азиз заминнинг бир вакили, масъул кишиси, халқ хизматкори – депутат, катта бир мактаб раҳбари бўлганим учун ҳам қўл остимдаги ҳар бир ўқувчим учун минг эмас, миллион марта жавобгарман, деб ўйлайман, чунки биз ўтиш даврида – ёшлар онгини миллиардлаб чалғитувчи ахборот асрида яшаяпмиз ва бонг уриб айтиш керакки, бугунги битта нотўғри қадам, битта нотўғри қароримизнинг эртанги натижаси жуда хавфли бўлиши мумкин.Тарихда бунга мисоллар кўп: Наполеоннинг Ватерлодаги битта қадами, буюк Андалусия давлати раҳбарларнинг кейинги нўноқ ишлари уларнинг қулашига олиб келган эди. Мана, нима учун биз бугун ўзимизга оддий кўринган «мактаб формаси» ҳақида такрор-такрор, қайта-қайта бонг ураяпмиз, жон куйдираяпмиз!

Ачинганим шундаки, ўзимиз Абдулла Алвонийнинг: “...тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир», деган буюк ҳайқириғини доимо мисол қилиб келтирамизу, аммо энг ривожланган мамлакатлар – Америка, Япония, Корея, Германия, Англия нима учун бу даражага етди, бир пайтлар бизнинг аждодлар ҳам буюк-буюк давлатлар қурган, нимага энди бугун мутеларча фикр юритиб, япон, корейс ёхуд америкаликлардан ўзимизни орқада қолганлигимиз ҳақида ўйлаб кўрмаслигимиз керак, деган менга тинчлик бермайди. Майли, катта-катта масалаларни четга суриб қўяйликда, ҳозирда бошимизни қотираётган яна мактаб формаси ҳақидаги сўзимизни давом эттирайлик. Бошида айтиб қўйишим керакки, ортиқча сўзлар билан сизни чалғитмоқчи эмасман. Аммо биз учун бугун «мактаб формаси – миллат масаласи» десам, эътирозга йўл берманг.

Мактаб формаси – тўғри, чайналган мавзу, аммо ҳали долзарблигини йўқотмаган масала. Бир қарашда шунга ҳам «ота гўри – қозихонами?!» дегувчилар бор, топилади. Аммо бола тарбияси, бутун бошли бугунги авлод келажаги, эртаси ҳақида гап борар экан, тарбияга таъсир этувчи битта зирапчага ҳам беэътибор бўлмаслик керак, деб уқдиради мозий. Айниқса, бугун биз давлатли эканмиз, мустақил юртнинг беклари, бекалари эканмиз, ичимиздан ва четдан бўлаётган чалғитувчи қарашларга, ижтимоий тармоқлардаги йўлдан оғдирувчи «пост»ларга ҳам қандай беэътибор қарашимиз мумкин. Мен буни ҳазм қилолмайман. Лекин «формасизликка ҳали тайёр эмасмиз» деган сўзни шарҳлаш учун яна битта каттароқ мақола ёзиш лозимлиги ҳам аён, зеро, ҳали биз ва болаларимиз ҳам «бугунги кўпдан кўп ва кераксиз эҳтиёжлар»га боғланиб қолганмизки, буни ҳеч ким инкор этолмайди. Биздан узиб кетган хориждаги ривожланган мамлакатларнинг мактаб болалари орасида «ман сандан ўтаман» қабилидаги қарашлар йўқ, масалан, япон боласи учун «шоҳона кийиниш, қимматбаҳо мода, қизлар учун олтин тақинчоқлар» унчалик урф эмас, ҳатто япон онаси ҳам «болам, эртага Япония учун нима фойда келтиради», деб ўйлайди ва мамлакатда нашр этиладиган бир эмас, ўнлаб газета ва журналларга обуна бўлади ва уларни боласига етказиб беради ва бунинг учун ҳеч кимга арз-дод қилмайди. 1961 йилда руслар коинотга одам учирганда, бир америкалик ота: «Нима учун Иван бешга ўқийдию, Жон иккига!» деб бонг урган ва шундан сўнг бутун Америка таълим тизими қайтадан кўриб чиқилган эди. 1945 йил сентябрда урушда енгилган Япония бутун бюджетининг катта қисмини таълимга ташлади ва бугун кўриб турибмизки, улар жуда ақлли иш тутишган экан. Демак, бизда «мактаб формаси – миллат эртаси» дейишса, дарҳол ижтимоий тармоқларни одобсиз «пост»ларга тўлдириб ташлаётганларни, айниқса, салбий фикр билдираётганларнинг кимлиги билан бир қизиқиб кўрсак яхши бўларди, чунки бизни тараққиётимизга ғаним бўлаётган кучлар борки, улар ёшларимизни бир зумда чалғитиб, ёш онгларини заҳарлашлари аниқ. Демак, бош бармоқни тишлаймизми, жимжималоқними, фарқи йўқ, жонимиз оғриб, юрагимиз дод дейди. Хусусан, мактаб формаси ҳақида айтиш керакки, йиллар ўтар ва бир кун, эҳтимол, бунга эҳтиёж қолмас! Лекин унгача ҳали анча фурсат бор, анча вақт бор. Аёл, қиз табиатан хушбичим кийимларга, қимматбаҳо тақинчоқларга ўч бўлади. Энди ўзингиз ўйланг, бўйи етган қизларимизни тезроқ турмушга узатиш учун олифтароқ кийинтира бошлаш бугун шундай ёмон анъанага айландики, мактабга «пурим» кийиниб келган қиз ё бола атрофдагиларни ўқишдан чалғитмайдими, деб ким кафолат беради?! Ота-она ҳам масаланинг ана шу нозик жиҳатини эътиборга олса яхши эмасми? Бугун кўряпмизки, ҳали турмушга тайёр бўлмаган қизлар ва йигитлар бир ой, олти ой ё бир йил яшаб ажралиб кетишмоқда. Бу бизнинг айни дамдаги энг катта фожиамиздир. Ваҳоланки, шу йигит ва қиз ҳам мактабда ўқиган, ўн йил таълим олган, хат-саводсиз эмас, кўзи очилган инсонлар. Ва бундан хунуги, ажрашган эру хотинни кўрсак, дарҳол олий маълумотлими, деб сўраймиз, ўқишмаган бўлса, айб ўзларида, деймиз, ваҳоланки, юқорида айтганимдек, ўн йил, ўн бир йил улар мактабда нимани ўрганишди?! Нимани?! Фақат кийинишми, фақат таралла-бедодними?! ТВда намойиш этилган бир кўрсатувда ёшлардан биридан: «Нима учун ажралдингиз?” деб сўралганда, у ҳеч бир уялмасдан пастроқ сарпо берилганини рўкач қилди. Шу даражага етдикми, биз?! Ота-онанинг бу ноўрин жавобга эътироз билдирмагани жуда уятли иш бўлди, деб ўйлайман.

Кийиниш фақат ясан-тусандан иборат эмас. Ҳозирда «красовка» кенг урф бўлди. Маълумки, бу оёқ кийими фақат спорт ўйинлари учун мўлжалланган. Аммо шу маҳсулотни ишлаб чиқарувчи «зотлар» катта-катта маблағлар сарфлашиб, ўнлаб йигит-қизларни ёллашиб, ўз маҳсулотлари эълонларига шунчалик зўр беришадики, оқибатда, онг ости заҳарланган ёшлар буни «мода» деб қабул қилишмоқда. Ишонмасангиз, ижтимоий тармоқни очиб кўринг: куни-кеча ҳатто шу мавзуга оид яна битта «ролик»ни намойиш этишди ва унда нима эмиш, «красовка» ва жинси шим кийган йигит ё қиз кўзга иссиқ кўринар ва бундай кийинган йигитларни қизлар жуда ёқтиришар экан. Мана, чалғитишнинг ва «красовка»нинг пуллашнинг, оммалаштиришнинг энг жирканч усули! Ишлаб чиқарувчига нима керак?! Биринчи галда – фойда! Эл соғлиғи эса иккинчи даражали нарсага айланиб бораётгани эса биз устозларни хавотирга солмоқда. Сифатли маҳсулот эса ҳеч қачон эълонларга, тадқиқотларга муҳтож эмас. Вафиқ Аҳмад Подшоҳ деган шахс ҳатто ўз қизига пайтида Европада удум бўлган шиппакни харид қилишга рухсат бермаган! Кўринадики, ривожланиш деганда, миллий кийиму, мактаб формасининг ҳам ўз ўрни бор. Демоқчиманки, мактаб болалари ҳам бунақа реклама, аслида эълонларни кўриб, эшитиб, дарҳол унга мук тушиб, ишониб қолмасинлар. «Ишон, лекин шубҳа қил» дейдилар. Бугун мактаб формаси масаласида бизга тескари ақл ўргатаётганларнинг кимлигини билиш ва мақсадларини ўрганиш ҳамда шунга қараб иш тутиш муҳимроқдир! Аслида ҳам, ўша «красовкалар» резиналардан тайёрланади ва истаган шифокор ё мутахассисдан сўранг, бундай оёқ кийимлари бола соғлиғи учун жуда зарарли бўлиб, уларни бир-икки соатдан ортиқ кийиш мумкин эмас. Қолаверса, ҳозирда «мода» ортидан қувган ишлаб чиқарувчилар резина ё чарм сифатига унчалик эътибор бераётганлари йўқ, оқибатда эса оёқ замбуруғ касаллиги авж олмоқда. Бошқа жиҳати, бугун давр болалар тарбияси учун ниҳоятда қатъиятли ва талабчан бўлишимиз талаб этаётган экан, ҳозирча ўқувчиларнинг кийиниши борасида бир хилликни ёқласакчи, деган қарашлар бот-бот янграётганинг нимаси ёмон?! Чунки ҳар бир ота-она фарзандининг эртага яхши инсон бўлишини истайди ва шунга интилади. Билъакс, мактабда болалар орасида тарафкашликка йўл қўймаслик – энг катта ютуқ ҳисобланади. Қолаверса, бизнинг ота-боболар кийиниш маданияти ҳақида аллақачон ўз фикрларини айтиб кетишган. Масалан, Кошифий ота-онага нисбатан одобнинг 12 та, муомала одобининг 7 та, суҳбат одобининг 8 та ва... ва мавзумизга доир кийиниш маданиятининг одоби 15 тадан иборатлигини ва бу энг нозик масала эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтган. 15 та! Уялиб кетасан, биз бу одобнинг нечтасини биламиз? «Кийим ҳалол маблағ эвазига харид қилинган бўлиши, кийимни кибр-ҳаво, улуғ сифатлик учун киймаслик керак», дея насиҳат қилган у зот. Юрак бир қалқиб тушмайдими бу гапларни ўқигач?! Мактабда ўқиш, сабоқлар, эртанги истиқбол ўрнига, кийимлар тўғрисида суҳбатлашаётган ўқувчини биз қандай қабул қилишимиз керак?! Ўқитувчи – мамлакатнинг энг буюк зотлари. Ўзимиз устоз бўла туриб, кибрга берилсак, оқибати нима бўлади? «Кибр одамни ўлдиради» дейди Имом Ғаззолий. Қанчалик жиддий гап! Шу жиддий насиҳатлардан огоҳ бўладиган замон эмасми ҳозир?! Мактаб формаси, деб оғзимизга қап этиб ургандан кўра, яна ўттиз йилдан сўнг ўз ўрнимиз қаерда бўлади, келажак авлод жаҳоннинг қай поғонасида юради, деб ўйлайдиган кунлар эмасми?! Айни дамда ана шу катта муаммолар устида бош қотирганимиз яхши, десам, ақл ўргатяпсизми, деманг. Зеро, энг ривожланган, энг тараққий этган ва ўша пайтларданоқ буюк олимлари билан коинот сирларини кашф этган олимларга эга Андалусия давлати ҳам ўзибўларчилик, манманлик ва энг катта хато – ташқи кучларнинг ёвуз ниятларини ўз вақтида англамаганлари учун ер юзидан супуриб ташланган эди. Сўзимизга ихтилоф бўлса, Нобел мукофоти соҳиби Пер Кюрининг:

«Мусулмонларнинг Андалусиясидан бизга атиги ўттизта китоб қолди. Ўша китобларни ўқиб, атомни парчалашга эришдик. Агар ўша буюк Ислом цивилизациясига тегишли китоблар ёқиб юборилмаганда, ҳозир биз фазодаги галактикалар орасида сайр қилиб юрган бўлардик», деган оғриқли сўзлари, ман ўйлайманки, ақлли, фаҳм-фаросатли ва ўзини таниган, иймонли, оғир-босиқ ҳар бир юртдошимиз учун тарихнинг буюк сабоғидир, чунки давлатчиликдаги энг катта хато – болалар келажагига эътиборсиз қараш ва кўр-кўрона муносабатдир, деб ҳисоблайман. Имом Абу Исо Термизий ҳазратларининг: «Ҳар бир ота-она яхши одобдан ва гўзал ахлоқдан кўра, яхшироқ нарсани ўз фарзандига ҳадя қилмайди», деган сўзлари фикримнинг тасдиғидир. Кўрамизки, мактаб формаси деганда, биз ўз жигарларимизга чин инсонийликни, одоб ва ахлоқни ва ватанга, халққа меҳри назарда тутяпмиз. Сўзимни яна Имом Ғаззолийнинг: “ Ота ҳаққи улуғ, устоз ҳаққи эса янада улуғроқдир», деган сўзлари билан якунламоқчиман, зеро, бир мактаб раҳбари эканман, ўзимни азиз жигарларим учун янада масъул, деб биламан, зеро, кўча-кўйда, уйингизга кириб борганда, фарзандингиз: «Синфдошларим мендан зўрроқ кийинишади, биз камбағалмизми, менга яхшироқ кийим олиб бермайсизлар?!» деб таъбингизни хира қилгани яхшими ёхуд: «Ассалому алайкум, яхши ўтирибсизларми, адажон, ойижон!» дея иссиқ меҳр бериб, тафтли қучоғингизга ифор олиб киргани яхшими?! Мактаб формаси – инкор этиш осон, аммо бунинг эртасини ўйлаб кўрганимиз афзал эмасми?! Зеро, филнинг оёғини силаб кўрган киши: «Устунга ўхшар экан”, дейди; қулоғини силаган: “Гилам”, тишига тегиб кўрган: “Тошга ўхшаш нарсаку!» дейди. Ҳаммалари рост айтадилар, аммо бу гапларнинг бари хатодир, чунки улар фақат филнинг бирор аъзосидан хабардордирлар, чунончи «мактаб формаси»нинг маблағ томони, бир хиллик жиҳатлари – бир хил кўринишларидир, холос, биз учун эса унинг бугун айнан умумфойдаси қимматлироқдир, чунончи ҳаётда керак бўладиган қимматли нарсадан ҳамиша ўз ўрнида, ўз пайтида фойдаланган жамият, оила фақат олийликка эришади.

 

Дилдора ИСЛОМОВА,

Халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман кенгаши

депутати, «Аёллар қаноти» Республика кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+