“Яшил макон”дан  боғзорлик нуронийлар хурсанд   

18.04.2022 16:04:13

Аввал хабар берганимиздек,  боғотлик депутатларимиз   "Яшил макон"  умуммиллий лойиҳаси доирасида туман ҳудудида кўкаламзорлаштириш ишларини изчиллик билан олиб бормоқдалар.

Туман Кенгаши депутати Қадамбой Хўжақовнинг “Боғзор” маҳалласини  яшил макон ҳудудига айлантириш мақсадида олиб бораётган ободонлаштириш ишлари  намуна сифатида эътироф этилмоқда.

Ҳар куни 100 дан зиёд кўчатларни  ерга эзгу ниятлар билан қадаш ишларига бош-қош бўлаётган депутатимиз куни-кеча кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда,  маҳалла аҳолиси ҳамда Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши билан ҳамкорликда   маҳалла ҳудудида катта ҳашар ўтказгани таҳсинга сазовор бўлди.

Ўйин-кулги,  шеър ва қўшиқлар, ширин суҳбатларга уланиб кетган байрамона ҳашарда 1000 тупдан зиёд терак ҳамда мевали-манзарали дарахтлар  маҳалла ҳудудидан  жой олди.

Лойиҳа доирасида ярим йилдан зиёд экилиб келинаётган кўчатларнинг  95% и  қаттиқ  меҳр, парвариш ва назорат остида униб-ўсиб маҳалламиз кўркига-кўрк қўшмоқда, – дейди депутат Қадамбой Хўжақов. – Бу гўзалликдан хурсанд бўлган маҳалламиз аҳолиси  билан янада фаоллашиб, кўчат экиш ишларини изчиллик билан давом этмоқдамиз. Бугун ҳам дуолар билан ерга қадаган 1000 тубдан зиёд кўчатимиз ҳам  маҳалламиз жозибадорлигини ошириб, аҳолимизга завқ улашига  ишонаман.       

Дарҳақиқат,  агар одамда  иштиёқ бўлса, чўлни ҳам гулзорга айлантириши ҳеч гап эмас.  Депутат Қ.Хўжақовнинг саъй ҳаракатлари билан  “Боғзор” маҳалласи  кундан-кунга  обод бўлиб, ям-яшил маконга айланиб бораётганидан  қалбинг ғурурга тўлади.

Баҳаво,  обод масканда  ҳаёт завқини туйиб, шукроналик  билан  умргузаронлик қилишга нима етсин,  дея дуо қилишмоқда боғзорлик нуронийлар.

Бир сўз билан айтганда, депутатимизнинг  юрт ободлиги йўлида тинимисиз олиб бораётган меҳнатлари  нуронийларни ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётган бўлса, келажак авлодга эса Ватан келажаги йўлида  ёниб яшаши учун намуна бўлаётгани билан қувонарлидир.

                                                                                                       Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                    “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+