Ёлғон тантана кимга керак?

29.07.2021 12:07:11

Тошкент вилояти Зангиота тумани, Бўзсув ҳудудидаги  “Ибрат” маҳалласида янги қурилган болалар майдончасига ётқизилган яшил сунъий қопламалар тантанали очилиш маросимидан сўнг, йиғиштириб кетилгани   хақидаги лавҳа ижтимоий тармоқда кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан “Адолат” СДП Зангиота туман Кенгаши фаоллари томонидан  ўрганишлар олиб борилди.

Аниқланишича, мазкур болалар майдончаси Миллий гвардия бошчилигида, туман ҳокимияти ва “Enter engineering” компанияси ҳамкорлигида барпо этилган. Майдончанинг тантанали очилиш маросимида Миллий гвардия қўмондонлиги, вилоят, туман ҳокимияти мутасадди раҳбарлари, Турон банк ҳамда бошқа масъул ташкилот ҳамда  ОАВ вакиллари иштирок этган. 

Ушбу маҳалла аҳолисининг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган ишлар ҳудудга бириктирилган масъул вазирлик ва ташкилотлар томонидан қисқа вақт ичида амалга оширилган 2500 км дан ортиқ йўлга асфальт ётқизилиши, мавжуд кўп қаватли уйларнинг томини замонавий тарзда ёпилиши билан бир қаторда маҳалла ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун яратилган шарт-шароитлар, айниқса ўйингохда ўйнаб юрган болажонларнинг кўзлари тўла қувонч ва хурсандчилиги “Ўзбекистон-24” телеканали орқали  ёритилган.

Бироқ, телеканал ходимлари кетиши билан болалар майдончасига ётқизилган яшил сунъий қопламалар йиғиштириб кетилган.

Муаммоли масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Ибрат” МФЙ раиси Машраб Қодиров билан суҳбатда шу нарса  аён бўлдики, майдончанинг очилиши муносабати билан шошилинч тарзда бўлганлиги боис, келтирилиб  ётқизилган яшил сунъий қопламалар сифатсиз  ва йиртилган жойлари мавжудлиги туфайли сифатли янгисига алмаштириш учун қайтариб олиб кетилган. Маҳалла раиси қопламалар бугуннинг ўзида келтириб жойлаштирилиши кутилаётганини   қайд этиб ўтди.

Шу ўринда беихтиёр ўринли савол туғилади. Шошма-шошарлик билан ўтказилган намойиш тадбири кимга керак? Мутасаддиларнинг кўзбўямачилик хатти – ҳаракатини қандай   тушуниш ва англаш мумкин?  Ёлғон тантанани ташкил этиш учун кенг жамоатчилик,  таклиф этилган оммавий ахборот воситаларини овора қилиш уларнинг обрўйини тўкиш шартмиди?

 Биз яна ушбу мавзуга қайтамиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+