“Ёнимиздаги фаришталар” драмаси замонамиз қаҳрамонларини гавдалантирди

22.06.2021 19:06:00

Шу кеча кундузда бутун дунё ҳамжамияти ўта оғир дамларни бошидан кечирмоқда. Серқуёш юртимизда мавжуд аҳвол устидан амалга оширилаётган назорат ҳам бир зум бўлсада, бўшаштирилмаяпти. Юзага келган таҳликали, таҳдидли, инқирозли вазиятда нохуш ҳолатларга қарши етти ўлчаб бир кесган ҳолда, ҳар томонлама чуқур ўйланган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай бир вазиятда айрим соҳалар ходимлари бор. Уларни замонамиз қаҳрамонлари деб аташ мумкин. Улар масъулиятни ўз зиммаларига олиб, вазият барқарорлигини, ҳаммамизнинг соғлигимиз, хотиржамлигимиз, осойишталигимизни сақлаш, белгиланган карантин қоидаларига бирдек амал қилинишини таъминлаш мақсадида эртаю-кеч меҳнат қилишмоқда.

Хусусан, бошқа соҳалар ходимлари қатори шифокорлар меҳнати ҳам ҳар жиҳатдан эътиборга молик. Буларнинг ишлари чинакам қаҳрамонлик намунасидир. Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида бугун бўлиб ўтган Сардор Ҳамроевнинг “Ёнимиздаги фаришталар” драмасида ҳам “Covid-2019” пандемияси вақтидаги шифокорларимиз ҳаётининг кескин ва зиддиятли вазиятларга бойлиги ва бу йўлдаги сабр-матонати ҳақида сўз юритилади.

Шарофат опа каби шифокорларнинг фидойилиги, инсонийлиги драматик вазиятлар орқали ифода этилади. Қадриятлар ва анъаналарга садоқатли Дилшод ота ва Малоҳат ая тимсоли спектакьлда алоҳида аҳамият касб этади. Дилшод отанинг чексиз муҳаббати ва Малоҳат ая айтган алланинг сеҳри вирусга қарши энг катта маънавий қурол бўлиб хизмат қилади.

Спектаклда инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг кўтарилганлиги, анъана ва қадриятлар унутилганда инсоният бошига ёғилаётган офатлар рамзий ифодалар орқали ўз аксини топади.

 

Спектакль коронавирусга қарши курашда ҳалок бўлган шифокорлар, ватан ҳимоячилари ва азиз инсонларнинг ёрқин хотирасига бағишланган.  Театрлаштирилган саҳна асари намойиши тугади. Биз спектаклни тамоша қилган мухлислар ва унинг ижодкорлари билан мулоқотда бўлдик.

-Мен режиссёр сифатида коронавирусни акс эттирувчи бир нечта драматик асарларни ўқиб чиқдим,- дейди саҳналаштирувчи режиссёр, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев.- Сардор Ҳамроевнинг “Ёнимиздаги фаришталар” асарида тасвирланган ҳақиқий ҳолат эътиборимни тортди. Саҳналаштирдик. Энди спектакль ҳақида зийрак томошабинлар мулоҳаза юритади.

-Очиғи, мен бу спектаклни саҳнада жонли ижрода тамоша қилиб, жуда ҳайратландим,- деди томошабинлардан бири Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов.- Шифорлик касби эгасидан ўта фидойиликни талаб этади. Асарда тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнати тўлақонли ифода этилган.

-Бундай таъсирчан драмалар халқимизнинг маънавий дунёқарашини кенгайтиради, одамларни шифокорлик касбига нисбатан ҳурмат, ишончини мустаҳкамланишида аҳамияти беқиёс, деб ҳисоблайман,- деди Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси вилоят бўлими раиси Ўроз Ҳайдар.- Сардор Ҳамроев ёш бўлсада, долзарб мавзуга қўл ўрган ва унинг уриниши муваффақиятли чиққан.

-Анчадан буён бундай ҳаётий саҳна асарини томоша қилмаган эдим,- деди яна бир томошабин, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Ҳусниддин Бердимуродов.- Мазза қилиб оиламиз аъзолари билан тамоша қилдик. Ташкилотчиларга минг раҳмат. Шундай саҳна асари кўпайсин. Одамларнинг театр кошонасидан оёғи узилмасин. Негаки, жонли ижронинг тарбиявий аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Ҳа, спектакль премьераси барча тамошабинлар қалбида илиқ таассурот қолдирди.

                                                                  Комил САХАТОВ,

                                                                журналист.  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+