“Ёш адолатчилар” тадбири

19.04.2022 15:04:52

“Ёшлар – буюк бунёдкор куч”. “Адолат” СДП Наманган шаҳар Кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари ўтказган навбатдаги тадбир ана шундай номланди. У вилоят болалар кутубхона-ахборот марказида ташкил этилди. Иштирокчилар орасида Наманган давлат университети талабалари, 1-,7-, 31-умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни шаҳар Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти раиси Аббос Усмонхўжаев олиб борди. У ўзининг кириш сўзида мамлакатимизда навқирон авлод вакиллари учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида фикр юритди. Бугунги кунда йигит-қизларга чуқур билим олиш, яхши касб-ҳунар эгаллаш учун имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Ҳатто ёшларимиз хориждаги етакчи олий ўқув юртларида ҳам таҳсил олмоқдалар.

Тадбир қатнашчилари “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Ғолибжон Бобоевнинг чиқишини катта қизиқиш билан тингладилар. У вилоят марказидаги жамоат ташкилотларидан бирида ҳайдовчи бўлиб ишлайди. Айни пайтда Наманган давлат университетининг кечки бўлимида ўқийди. Яқинда у иккинчи курсни битиради. Икки йилдан сўнг эса информатика соҳаси бўйича мутахассис дипломини олади. Бу унга мустақил ҳаёт йўлидан дадил одимлаш имконини беради.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, - дейди тадбир иштирокчиси Акбаржон Мансуров. – Лекин ҳамма ёшлар яратилган шароитлардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар, дейиш қийин. Орамизда ўқишга, касб-ҳунарга қизиқмайдиган тенгдошларимиз ҳам бор. Улар дангасалар ва ишёқмаслардир. Биз бундайларга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Мазкур йўналишда маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган ёшлар етакчилари билан ҳамкорлик яхши самара беради.

Тадбир ана шундай қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлди.

                                                                      Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

”Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби                      

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+