Ёш полвонлар рағбатлантирилди

10.05.2021 19:05:17

Қадимий ва навқирон Чустда жисмоний тарбия ва спорт тобора оммавийлашиб бормоқда. Бу ердан етишиб чиққан спортчилар нафақат мамлакат ёки Осиё қитъаси, балки дунё миқёсида ҳам юқори натижаларни қайд этмоқдалар. Биргина таниқли боксчи Муроджон Аҳмадалиевнинг шуҳратини айтмайсизми... У Олимпиада ўйинлари ва жаҳон биринчиликларида муваффақиятли қатнашиб, юртдошларимизни қойил қолдирди. Кейинги пайтда эса профессионал рингда қўлга киритаётан ютуқлари ҳам туманимизда спортнинг ривожлантиришга муҳим туртки бўлаётир.

Шуни ҳисобга олиб, партиямиз фаоллари тумандаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этдилар. Бу борада дастлабки қадамлар қўйилди ҳам. Яқинда туман миқёсида белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ўртасида турнир ўтказилди. Беллашувларда 2007-2013 йилларда туғилган болалар икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этдилар. Биз таъсис этган совринлар учун икки юзга яқин ёш полвонлар баҳс олиб бордилар.

Партиямизнинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мусобақа туманда белбоғли кураш мухлислари кўпайиб бораётганлигини кўрсатди. Айниқса, Сардор Ҳусанов, Улуғбек Неъматуллаев, Азизбек Машрабов, Озодбек Ёқубжонов, Ҳожиакбар Бойдавлатов, Шодиёр Рисқинбоев кабилар ўз ёш ва вазн тоифаларида рақибларидан устунлик қилиб, ғолиблик шоҳсупасини эгалладилар. Уларни мураббийлар ҳам келгусидаги вилоят мусобақаларига тайёргарлик кўриш учун саралаб олдилар. Бу ўсмирлардан яқин келажакда маҳоратли полвонлар етишиб чиқса, ажаб эмас.

Турнир якунида барча совриндорлар “Адолат” СДП туман   кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шундай мусобақаларни бошқа спорт турлари бўйича ҳам ташкил этишга келишиб олинди.

Беҳзод СИДДИҚОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Чуст туман кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+