Ёш техника ихлосманди нима дейди?

05.07.2021 11:07:07

Яқинда Тошкентда ўтказилган Ёшлар ва талабалар форумида Президентимиз сўзлаган нутқ барча қатори наманганлик ёшларни ҳам руҳлантириб юборди. Улар навқирон авлод вакиллари ҳақидаги ғамхўрликдан бениҳоя миннатдор эканликларини изҳор этмоқдалар. Яқинда халқ депутатлари Косонсой туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Исроилжон Жўраев иштирокида ана шундай ёшлар билан учрашув бўлди. Унда 54-умумтаълим мактабининг саккизинчи синф ўқувчиси Муҳаммадсодиқ Абдураҳимов ҳам қатнашди.

Дарвоқе, сиз у ҳақда эшитган бўлишингиз мумкин. Ўн беш ёшли бу йигитни ўзи яшайдиган “Жар” маҳалласида “Тракторсоз” деб аташади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки у ёш бўлишига қарамай,  отаси ёнига кириб, киройи муҳандисдай иш олиб боради. Сўнгги пайтда мустақил равишда мини-трактор йиғишни ўрганиб олганига нима дейсиз? Бунинг учун зарур эҳтиёт қисмлар етказиб берилса, бас. Ҳовлисида дастгоҳлар билан жиҳозланган чоғроқ устахона анчадан бери бор.

Ўтган йилдан бошлаб, ота-бола эҳтиёт қисмларни бозордан сотиб олиб, мини-трактор ясашни йўлга қўйдилар. Ҳозир бу иш билан боғлиқ жараёнларни Муҳаммадсодиқ мустақил равишда қойиллатади. Маҳалладагилар, бошқа таниш-билишлар унинг маҳоратига тан бермоқдалар.

Муҳаммадсодиқ ўзи ясаган тракторлардан тушган пулни отасига топширади. Яқинда Умаржон ўғли топган даромад эвазига “Спарк” машинаси сотиб олди. Машина ҳозир рўзғорда беминнат ёрдамчига айланган.

– Отамга устахонада кўмаклашиб юриб, чилангарлик касбини эгаллаб олдим, - дейди Муҳаммадсодиқ. – Лекин билимли мутахассис бўлиш учун кўп ўқиш кераклигини ҳам тушуниб етдим. Айниқса, механик ёки муҳандис бўлиш учун физика ва математикани, кимё ҳамда чизмачиликни пухта ўзлаштириш зарурлигини англаб турибман. Мазкур фанлардан фақат аъло баҳоларга ўқишга ҳаракат қиламан. Инглиз ва рус тилларини яхшилаб ўрганишни ҳам ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Бу, техникага доир адабиётларни ўрганишда қўл келади.

Муҳаммадсодиқ суҳбат асносида  Президентимизнинг яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ёшлар ва талабалар форумида айтган фикрлари унда катта таассурот қолдирганини айтди.

-Президентимиз таъкидлаганидай,  келгуси йили бошқа вилоятлар қатори  Наманганда ҳам ёшлар технопарки барпо этилишини билдирдилар, - дейди у. -   Шунингдек, ёшларнинг стартап ғояларини саралаб олишнинг очиқ-ошкора тизими йўлга қўйилиб, энг яхши лойиҳаларни молиялаштиришга келгуси йилда бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ ажратилади. Вилоят ҳокимлари ёшларнинг «Бизнесга биринчи қадам» стартап лойиҳалари танловини жорий этиб, ҳар бир тумандан камида учтадан ғолибларга маҳаллий бюджетдан грантлар бериб боради. Битта грантнинг суммаси ўртача 50 миллион сўмни ташкил этади. Булар албатта, тенгдошларимиз учун катта имкониятлар тақдим этилишидан далолат. Мен ҳам техника ижодиёти соҳасидаги изланишларимни астойдил давом эттираман. Келгусида юқори малакали муҳандис бўлиб етишиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+