Ёшлар бандлигини таъминлаш – устувор вазифа

01.07.2021 12:07:39

Бугун мамлакатимизда ёшлар масаласига ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, бандлигини таъминлаш ҳамда иқтидорини ривожлантириш, — юритилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, юрт тақдирига дахлдор масалаларда ёшларнинг иштирокини кенг таъминлаш ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг туб моҳиятини англатади.

Шундан келиб чиқиб, “Тараққиёт стратегияси” илмий маркази бўлим бошлиғи, Халқ депутатлари Арнасой туман Кенгаши депутати Фаррух Абдухамидов ташаббуси билан “Олис қишлоқ ҳудудларида ННТлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар турларини Кенгайтириш, аҳолининг бандлиги самарадорлигини ошириш - бош мақсадимиз” мавзусида семинар ташкил этилиб, юзга яқин ёшлар билан учрашув ўтказилди.

Арнасой туман ҳокимлигида ўтказилган мазкур тадбирда “Тараққиёт стратегияси” илмий маркази бўлим бошлиғи, Халқ депутатлари Арнасой туман Кенгаши депутати Фаррух Абдуҳамидов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилояти Кенгаши раиси Ориф Шукуров, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Бобир Шерқулов, “MY5” телеканали масъул ходими Ўрол Хамидуллаев, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.

“Халққа хизмат - олий ҳиммат” шиори остида ташкил этилган мазкур семинардан мақсад олис қишлоқ ҳудудларида нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар турларини Кенгайтиришга ҳамда ёшларнинг бандлигини таъминлашдан иборатдир. 

Давра суҳбатида мавзуга оид масалаларда хориж тажрибалари, бу борада юртимизда олиб борилаётган самарали фаолият ва ислоҳотларнинг истиқболи ҳақида батафсил ахборотлар берилди. Тадбирда фуқаролар учун хавфсиз меҳнат шароити, аҳолининг барча қатлами учун барқарор ва муносиб иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига кўпроқ урғу берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда меҳнат бозорида рўй бераётган қатор жиддий ўзгаришлар, хусусан, иш билан банд бўлган ёшлар ва иш берувчилар сони сезиларли равишда ошгани эътироф этилди, тизимдаги сўнгги ислоҳотлар, янги молиявий механизмлар ҳақида маълумотлар берилди.

Аҳоли бандлиги ва меҳнат муносабатларига оид бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 20 октябрда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 апрелдаги “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ҳозирги кунда эса, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Шу билан бирга, аҳолига бандлик хизмати кўрсатиш сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлиги, хотин-қизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича яратилаётган имкониятлар, жумладан, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари” тўғрисида сўз юритилди.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Жумладан, тадбир иштирокчилари томонидан туманда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш орқали аҳоли ва ёшлар бандлигини таъминлаш, IT Парк ҳудудий филиалларини очиш каби масалалар бўйича фикрлар билдирилди.

Тадбир сўнгида, “Тараққиёт стратегияси” илмий маркази, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилояти Кенгаши, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти Кенгаши ҳамда “MY5” телеканали томонидан фаол ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ҳамда бир гуруҳ фаол ёшлар ташаккурнома, бадиий китоблар ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди.

 

Шавкат ХУДАЙҚУЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Арнасой туман Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+