Ёшлар бандлигини таъминлашнинг янги механизми яратилди

23.04.2021 15:04:04

Маълумки, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланиб, бу борада давлат дастури қабул қилинди. 27 январь, 10 февраль ҳамда 13 апрель кунлари Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишларда ҳам жорий йилги муҳим вазифалар билан бирга ёшлар масалаларига оид вазифалар яна бир бор қайд этилиб, масъуллар белгиланган эди. Бу йиғилишларда ёшлар ҳаётига доир муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, қизиқишлари, интилишларини қўллаб-қувватлаш юзасидан қатор топшириқлар берилган эди. Ушбу йиғилишларда белгилаб берилган вазифаларнинг ҳуқуқий асослари Президентимиз куни кеча имзолаган “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ўз аксини топди.

Мамлакатимиз тарихида ёшлар масаласига бу даражада эътибор, имконият, имтиёз ва рағбат кузатилмаган, десак муболаға бўлмайди. Зеро, бугун Юртбошимиз томонидан ёшларнинг иқтидори ва салоҳияти, ташаббус ва ғоялари қўллаб-қувватланмоқда, уларнинг бандлиги ва тадбиркорлигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Қолаверса, йигит-қизларнинг бизнес ташаббусларини рўёбга чиқариш, субсидиялар, имтиёзли кредитлар ажратиш, касб-ҳунарга ўқитиш, “Ёшлар дафтари” орқали кўмаклашиш каби давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгилаб берилди.

Президентимиз жорий йилнинг 13 апрель куни  ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилишида юртимизда қандай ислоҳотга қўл урилмасин, аввало, ёшларга, уларнинг куч-ғайрати, азму шижоатига суянишини таъкидлаб: “Энг муҳим вазифа, аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб бериш. Бу борадаги энг катта имконият ва захирамиз бу – тадбиркорлик, айниқса, кичик ва ўрта бизнесдир”, – деган эди.

Қилинаётган бу ишларнинг барчаси ёшларга яратилаётган шароит ва имконият, берилаётган имтиёз демакдир. Фармон билан ёшларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун мавжуд муаммолар ўз ечимини топади албатта.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+