Ёшлар – бизнинг бугунимиз, эртамиз ва келажагимиз

08.06.2021 10:06:38

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан Қашқадарё юридик техникумида “Ёшлар бандлигини таъминлаш - долзарб вазифа” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, Қарши шаҳридаги 12 та МФЙ аъзолари ва Ёшлар Иттифоқи вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тадбирда партия вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкилотлари томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўпланганларга гапириб берди.

-Муҳтарам Президентимиз бошчилигида биз ёшларнинг маънан етук ва баркамол бўлиб вояга етишимиз учун барча қулайликлар яратилаяпти,-деди тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қошидаги Ёшлар парламенти аъзоси Беҳруз Бўронов.-Очиғи, давлатимиз томонидан биз ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Дунёнинг бирорта ҳам мамлакатида ёшларнинг илм олиши, ҳунар эгаллаши биздагичалик қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмаган. Бундан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

- Жорий йилнинг апрель, май ойларида шаҳримиздаги “Пахтазор” МФЙ оилаларини ўрганганимизда 50 нафар ишсиз ёшлар борлиги аниқланди,-деди халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Ҳусниддин Бердимуродов.-Биз уларни мутасаддилар ҳамкорлигида шаҳримиздаги бичиш-тикиш,кийимларни кимёвий усулда тозалаш, оёқ кийим таъмирлаш, сартарошхона, новвойхона, гўзаллик  салонларига ишга жалб этдик.10 нафар ёшларга эса тижорат банкларидан 20 миллион сўмдан кредит олиб, тадбиркорликни йўлга қўйишларида кўмаклашилди.

Тадбирда ҳуқуқшунос, партия фаоли Баҳоргул Номозова, Ёшлар парламенти аъзоси Мадина Аллабердиева, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдуқаҳҳор Ахмедов ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, ёшларни иш билан таъминлаш, давлат ва жамият қурилишидаги ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдирдилар.

Бугунги техника асри ютуқлари ҳаётимизга шиддат билан кириб келаяпти. Ёшларимиз уларнинг яхши жиҳатларини ўрганишлари, ёт ғоялардан асранишлари керак. Бунинг учун эса ёшлар кутубхоналарга бориб, китоб ўқиш, изланишлари даркор. Ана шундагина келажагимиз ворислари билимли, етук инсон бўлиб вояга етадилар.

Тадбир якунида ватанимизнинг довруғини ёйиш ҳам, буюк давлатимизни яратувчилари ҳам ёшлар эканлиги алоҳида эътироф этилиб, юрт тақдири улар қўлида эканлиги қайд этилди.

                                                                        Абдулазиз АБДИЕВ,

                                                 Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси

                                                ўринбосари

                                   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+