Ёшлар фестивали – Жиззахда

08.06.2021 15:06:40

Маълумки, 2021 йил Ўзбекистонда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили", деб номланиб, бу борада давлат дастури қабул қилинган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида жорий йилнинг 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган эди.

Мазкур йиғилишда турли фестивал ва мусобақалар ўтказиб, ёшларни спорт, маданият ва санъатга қизиқтириш, нуфузли халқаро танловларга олиб чиқиш изчил давом эттирилиши алоҳида қайд этилган эди.

Шу мақсадда республикамизнинг барча вилоятларида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида фестиваллар ўтказиб келинмоқда. Мана шундай фестиваллардан бири 5-7 июнь кунлари Жиззах вилоятида ҳам бўлиб ўтди.

Жиззах шаҳри марказидаги “Ўрда” боғида ташкил этилган ёшлар фестивалининг биринчи кунидаёқ 20 мингга яқин ёшлар қамраб олинди.

Фестивал доирасида 20 дан ортиқ кўрик танловлар, кўнгилочар дастурлар, интеллектуал салоҳиятни оширувчи лойиҳалар, спорт ўйинлари ташкил этилиб, уларнинг ҳар бирида ёшлар ўз фаоллигини намойиш этишди.

Юртимиз кўп миллатли халқ бўлганлиги боис, қардош халқларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш мақсадида фестивал доирасида уларнинг урф-одатлари, миллий либослари ва рақсларини ўзида жамлаган кўргазмали чиқишлар ҳам намойиш этилди.

Фестивалнинг иккинчи куни ҳам байрамона руҳда ташкил этилиб, ёшларнинг турли қизиқишлари жам бўлган тадбирларга бой бўлди. Иккинчи кундаги энг эсда қоларли вазиятлардан бири эса 500 та дрон иштирокидаги шоу дастури бўлди.

Фестивалнинг учинчи кунида 300 дан ошиқ ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиев, Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Жайрам Партасарти иштирок этди.

Мулоқот жараёнида 20 дан ошиқ ёшларнинг мурожаатлари ва таклифлари тингланди, ғояларни ривожлантириш бўйича йўналишлар берилди, лойиҳаларни амалга оширишда юзага келган муаммоларга ечим берилди.

Таклифларни амалиётга татбиқ этиш бўйича масъул шахсларга топшириқлар берилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус моҳиятини ёшлар онгига сингдириш, истеъдодли ёшларни рағбатлантириш ва энг асосийси уюшмган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилган ушбу фестивалида ёшлар фаол иштирок этишди.

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+