Ёшлар ижтимоий-маънавий қиёфасидаги ўзгаришлар

12.03.2021 12:03:11

ХХ асрнинг сўнгги чораги инсоният тарихида улкан ўзгаришлар даври сифатида эътироф этилади. Айниқса, курраи заминдаги миллатлар ва элатлар ўз эркига ва мустақиллигига эришди ва мустақил давлатчилигига асос солдилар. Ўзбекистон мустақилликка эришгач халқаро мезонларга асосланган демократик тамойиллар устуворлиги эътироф этиладиган демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуришни ўз олдига мақсад қилиб олди. Энг аввало демократик қадриятларни ривожлантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга таяниш амалга оширилаётган ислоҳотларнининг назарий асослари сифатида эътироф этилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, демократик қадриятлар ва тамойилларнинг ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида намоён бўлиши аввало мазкур тамойилларнинг фуқаролар томонидан қанчалик англанишига боғлиқ. Мазкур масалага ёндашишда республикамиз аҳолисининг аксарият қисми ёшлардан иборат эканлигини инобатга олиш лозим.

Сир эмаски, ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат нафақат ер ости ва ер усти табиий бойликлари билан, ҳарбий қудрати ва ишлаб чиқариш салоҳияти билан, балки биринчи навбатда ўзининг юксак маданияти ва маънавияти билан кучлидир.

Шу жиҳатдан ёшлар замонавий дунёқарашининг шакллантирилиши таълим–тарбияга бевосита боғлиқ эканлиги аён бўлмоқда. Мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, ғоявий-мафкуравий негизлари тубдан ўзгарди. Буни ёшлар дастлаб қандай қабул қилади? Уларнинг бунга тайёргарлик даражаси қандай? Чунки мамлакатдаги бозор иқтисоди билан боғлиқ янгича тартиботлар ва қадриятлар уларнинг онги ва тафаккури, қарашларининг тубдан ўзгаришига асос яратди. Уларнинг ижтимоий-маънавий қиёфаси ҳам ўзгариши табиий эҳтиёжга айланди. Ҳаётий идеалларни қаердан излаш, нимага мўлжал олишни билиш, ёшларда қандай эзгу ғоя ва тушунчалар асосида ижтимоий масъулият туйғусини уйғотиш муҳим аҳамиятга эга бўлади. Шунинг учун мамлакатимизда бугунги кунда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари амалга оширила бошланди. Ёшлар ижтимоий-маънавий қиёфасини шакллантириш, олдимизга қўйган улкан мақсаднинг туб маъно-мазмунини англай олиши учун оила, маҳалла ва таълим-тарбия муассасалари ҳамкорлигини изчиллик билан амалга оширишга эътибор берилди.

Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш кўп жиҳатдан келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларнинг қанчалик замонавий билимларни тўлиқ эгаллаши, турли хил вайронкор ғояларга қарши ижтимоий-сиёсий ва мафкуравий иммунитетнинг ҳосил қилиниши ва албатта масъулият ва дахлдорлик туйғуларининг шаклланганлигига боғлиқдир. Чунки, ҳозирги глобаллашув даврида огоҳлик ва умумдавлат манфаатлари учун ўзаро ҳамкорликда фаолият юритиш давр талабига айланган. Таълим-тарбия жараёнида эса “оила-мактаб-маҳалла” концепцияси мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаш даркор. Аввало замонавий ёшларнинг ижтимоий-маънавий қиёфаси оиладан шакллантирилади. Жамоада, маҳаллада миллий қадриятлар руҳида ривожлантирилади, таълим муассасаларида эса янада мустаҳкамланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълим жараёнида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатлар, таълим муассасалари моддий-техник базасининг модернизация қилиниши ва ёшларимиз замонавий маънавий қиёфаси шакллантирилишинг муҳим омилларидан бири сифатида ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўзлаштириш борасида махсус қарор ва фармонлар, ҳукумат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши диққатга сазовордир. Айниқса, мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, турли бузғунчи ғояларга қарши курашиш, глобаллашув тақдим этаётган ютуқлардан тўғри ва самарали фойдаланиш масаласида ахборот технологияларини ўзлаштириш ва хорижий тилларни ўрганиш ҳозирги замон кишиси учун жуда муҳимдир.

 

Достон ЗОКИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+