Ёшлар - мамлакатнинг тараққиётида ҳал қилувчи куч

05.10.2021 14:10:53

 

Мамлакатимизда ҳозирги тинчлик ва барқарорлик ҳукм сураётган даврда жамият ҳаётининг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, миллий истиқлол ғоясининг асосий тушунча ва тамойилларини ҳаётга жорий этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун даҳлдорлик ҳиссини ошириш, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга йўналтирилган ишлар тизимли шаклда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ҳеч кимга сир эмаски, дунёда глобаллашув жараёнлари кучайиб, тинчлик ва барқарорликка қарши янги таҳдид ва хатарлар тобора кўпайиб бормоқда. Бундай мураккаб ва таҳликали вазият соҳада амалга оширилган ишларни тўғри баҳолаб, ёш авлодга тўғри етказишни тақозо этмоқда.

Ҳар бир миллат ўз келажак авлодида комилликни кўришни орзу қилади. Ўзбек халқи ўз маданияти ва маънавиятида комил инсонлар тарбиясига алоҳида эътибор берган ва комиллик дарғаларини етиштириш ҳар бир замонда муҳим  саналган. Шу боис бугунги кунда тинч-осуда ҳаётимиз даврида  юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёшларга халқаро таълим тизимида жорий этилган замонавий билим ва кўникмаларга бериш давр талаби бўлмоқда. Бу эса мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Мамлакатимизда ёш авлодни она юртимиз равнақи йўлида хизмат қилувчи, Ватанига содиқ, маънавий баракамол ва жисмонан соғлом инсонлар этиб вояга етказиш, уларни кенг ва чуқур билимлар орқали жаҳон миқёсидаги талабларга жавоб бера оладиган, ҳар томонлама рақобатбардош кадрлар қилиб тарбиялашда давлатимиз томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ёшлар – юрт келажаги, Ватан таянчи, халқимизнинг умид-ишончи. Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган фикри қаторида “Ҳар бир миллат ўз тараққиётини таъминлаши учун ўз ватанининг табиий имкониятларидан илм-фан ютуқлари асосида фойдалани олиши муҳим аҳамиятга эга” деган чуқур маъноли сўзлар нақадар ҳақиқат эканлиги бугун барчамизга аён. Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар асосан ёшларнинг меҳнатга, ундан сўнг Ватанга бўлган муҳаббатига зарар етказишдан бошланади. Ватан - бу сўзни эшитганда кимнингдир хаёлида она юртнинг табиати жонланса, бошқа биров ўз ҳовлисини эслайди. Ёшларчи? Улар нимани тасаввур этадилар? Айнан шу саволга оиладан бошлаб жавоб топа олиши уларнинг келажаги учун жуда муҳимдир. Жамиятнинг энг кичик бўлаги бўлмиш оилалар ўзида Ватанни ташкил этувчи энг катта кучларни – ёшларни етиштиради. Ушбу масъулият ҳар бир оилада ўзгача амалга оширилади. Ёшлар эртанги кун бунёдкорларидир.

Ёшлар ҳусусида давлатимиз раҳбари ҳам ўз чиқишларида кўп бора таъкидлаб ўтмоқда. Зеро, Муҳтарам Президентимизнинг "Янги Ўзбекистоннинг нафаси, суръати ва шиддатини аввало азиз ўғил-қизларимизнинг азму шижоати, дадил фикр ва таклифларида, эришаётган дастлабки ютуқларида кўраман... – деган сўзлари барчани бирдек келажагимиз эгалари тарбияси масаласида жиддий огоҳликка чорлайди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, “2017-2021 йиллардан Ўзбекистон Респуб-ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам бу масала алоҳида ўз аксини топган.

Биламизки, буюк орзулар буюк интилиш йўлида Ватанга муҳаббат ҳис-си ёшларга беқиёс қувват бахш этади. Ватанга муҳаббат –  энг муқаддас туйғу ҳисобланди. Тарихга назар ташласак, ўз она юртига, Ватанига хизмат қилиб ўтган фарзандлар ҳар бир миллатда эсланиб, уларнинг шу миллатнинг қаҳмонлари, керак бўлса, мукаммал, яъни идеал шахслари сифатида мадҳ қилиниб, доимо қалбларда ардоқлаб келинади. Зеро, Ватанга муҳаббат оддий инсонларга ҳам улкан куч-қудрат, азм-у шижоат ва ўз ўрнида меҳнатга мойилликни ҳам уйғота олади. Бу борада  “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида болалар асосан ватанпарварлик туйғуларини ўзига мактабгача ва умумий ўрта таълим мактабларда таълим бериши орқали сингдириши, шу сабабли таълим муассасаларида болаларнинг ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш, илғорлик қобилиятини ўстириш ва уларни жамият тараққиётига мос равишда тарбиялаш партиянинг муҳим вазифаси бўлиши алоҳида таъкидлаб ўтилган.

“Адолат” СДП давлат ёшлар сиёсатини амалга оширишда давом этиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта шакллантириш, ёшларнинг энг долзарб муаммоларини фаол ва самарали ечиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш тарафдори сифатида ёшлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари раҳбарлари томонидан ёшлар билан очиқ ва доимий мулоқотни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаб майдонга чиқмоқда.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимиз келажагини белгилашда шижоатли, қатъий, мақсадни аниқ қўйиб, шу асосда ҳаракат қилаётган ёшларнинг ўрни катта. Келажак эгаларининг баркамол бўлиб вояга етиши, илму фан, замонавий техника ва технологияларни пухта эгаллаши, давр талаблари асосида таълим ва тарбия олиши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун етарлича шароитлар муҳайё этиляпти.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар маъна-виятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббуси” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни ташкил этиш вазифалари кўзда тутилган. Умуман, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлидан замонавий, илғор-инновацион шароитларни яратиб бериш учун давлатимиз бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Чунки, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади. Шу боис давлатимиз жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи ёшлар қатламига юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қарамоқда. Натижада бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий дунёқарашга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти.

Ўзбекистон – буюкларни етиштирган юрт, кўплаб алломалар Ватани. Бугунги кунда ёшларимиз орасидан кўплаб истеъдод соҳибларининг етишиб чиқаётгани, маданият, спорт, илм-фан соҳасида жаҳон ареналарида юқори ўринларни олиб келаётгани томиримизда буюк аждодларимиз қони оқаётганидан далолат , мустақилликка эришувимиз ва давлатимиз томонидан олиб борилаётган тўғри сиёсат туфайли ёшларимизга ҳар томонлама ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш ва билим олишлари учун яратилган шарт-шароитлар натижасидир.

Улуғбек РАҲМОНОВ,

Фарғона давлат университети ўқитувчиси,

“Адолат” СДП фаоли

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+