Ёшлар муаммолари депутат эътиборида

27.10.2022 15:10:46

 Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Қаҳрамони   Муҳаббат Шаропова   ёшларнинг  ўз иқтидори ва салоҳиятини камол топтириш, келажакда қизиққан соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун истиқболимиз эгалари билан мунтазам равишда учрашувлар ташкил этиб, уларга  ҳаётда ўз йўлларини топиб олишлари учун тўғри йўналиш бериб келаётир.

Худди шундай учрашувлардан яна бири Қарши шаҳридаги Шайхали маҳалла ёшлари билан бўлиб ўтди.  Очиқ ва ошкора мулоқот руҳида ўтган мазкур учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган кўпгина саволларга жавоблар олдилар.

Кейинги йилларда мамлакатимизда сиз каби ёшларни  баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда,- деди депутат Муҳаббат Шаропова.-  Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Президентимиз ташаббуси билан  юртимизда 30 июнь — ҳар йили “Ёшлар куни”  сифатида нишонланадиган бўлди. 

Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган,  иқтидорли  ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди.

Учрашув давомида депутат мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди. У Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларига мутахассислиги бўйича камида 5 йил иш стажига эга қизлар давлат ОТМларига ўқишга қабул қилиниши ва  йилига 500 та квота ажратилганлигини айтиб ўтди.  

 - Энг қувонарли янгиликлардан  яна бири шуки, шубҳасиз, давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий қилинганидир,-деди Муҳаббат Шаропова.-Шу ўринда ёш қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган қизлар учун давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилганлиги, шунингдек, кам таъминланган  эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 2 баробарга ошириш орқали 2000 тага етказилгани таҳсинга лойиқ. Бундай имкониятларнинг яратилиши авлодимиз давомчилари ҳисобланмиш қизларнинг  ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

 Дарвоқе, учрашувда депутат партиядошимиз ёшларимизни нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида таълим олиш ва илмий-тадқиқот фаолиятини олиб боришини таъминлаш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси тузилиб, хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқиш учун стипендиялар ажратилганлигини алоҳида қайд этди. 2021 йилда жамғарма томонидан бакалавриатга 69 та, магистратурага 112 та, докторантурага 91 та ўрин ажратилган. Дунёнинг энг нуфузли талаб юқори бўлган университет ва илмий марказларида таълим олган, инновацион компанияларида стажировка ўтаган етук билим ва малакага эга бўлган, ўз мамлакати  равнақи йўлида самарали ва тинимсиз меҳнат қилишга тайёр кадрларни хорижда тайёрлаш албатта мамлакат ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

Умуман, учрашувда  сўнгги беш йил давомида муҳтарам Президентимиз бошчилигида  ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни комил инсон сифатида етиши учун замин яратилди. Ёшларга берилаётган бу эътибор, яқин келажакда  ўз мевасини беради. Бунга ёшларимиз халқаро ва республика миқёсида эришаётган ютуқлари яққол далилдир. Бугунги ёшлар эртанги кунимизнинг, Янги Ўзбекистоннинг, Учинчи Ренессанснинг пойдевори ҳисобланади.

 Депутат билан учрашув ёшлар учун жуда фойдали бўлди.

 - Мен бугунги учрашувдан ўзим учун керакли саволларга жавоб олдим,- деди Махфуза Холиқова.- Айниқса, мен учун муаммо бўлиб келаётган олий ўқув юртига ўқиш юзасидан зарур тушунчаларга эга бўлдим.Бундай мулоқот тарзидаги учрашувлар тез-тез ўтказиб турилса яхши бўларди.

                                                                            Абдулазиз Абдиев,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+