Ёшлар муаммоси - депутат эътиборида

12.07.2021 11:07:46

Инсон борки дунёга келиб бирон бир савоб амалларга қўл урган, бировнинг оғирини енгил қилган, ҳожатини чиқарган бўлса, ўзидан рози бўлиб яшайди. Ана шундай инсонлардан бири, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг фидойи депутати Муҳиба Сайфиддинова ҳар бир ўтган кунини сарҳисоб қилиб, атрофдагиларга қўлидан келган яхшилигини аямайдиган инсонлардан.

Баъзан иш вақти бошлангунча эрта тонгдан, баъзан ишдан чиқиб қоронғу кечда бўлса ҳам сайловчиларининг ҳолидан хабар олишга, сайлов округи ҳудудида ечимини кутаётган муаммоларга ечим топишга шошади. 

Депутатнинг Самарқанд шаҳридаги “Хўжазулмурод”, “Янги хайробод” ҳамда “Даҳбедий” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги учрашувлари ҳам самарали бўлди. Муҳиба Сайфиддинова энг аввал ушбу маҳаллалардаги “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”га киритилган хонадонларга кириб, уларнинг ҳол аҳволидан хабар олди, уларни ўйлантираётган масалалар юзасидан суҳбатлашди. Фуқаролар томонидан асосан коммунал, йўл, ободонлаштириш, тиббиёт ҳамда оилавий муаммоларга тегишли масалалар ўртага ташланди. Аҳолини қийнаётан муаммолар бўйича депутат томонидан ташкилотларга оғзаки ҳамда ёзма мурожаат қилинди.

Хусусан, Самарқанд  шаҳридаги “Хўжазулмурод” маҳалласида яшовчи Э.Абдуллаева саломатлигини тиклаб олиш зарурлигини, аммо маблағ жиҳатидан қийналаётганини маълум қилди. Бу муаммо депутатнинг эътиборидан четда қолмади. Мутасадди ташкилотларга қилинган оғзаки ва ёзма мурожаатлар ўз ечимини топди. Фуқарога саломатлигини тиклаб олиш учун ордер олишга кўмаклашилди. Ушбу маҳаллада яшовчи Санжар Турақулов айни дамда ишсиз эканлигини айтиб, бандлигини таъминлашда амалий ёрдам сўради. Депутат ташаббуси билан фуқарога ўзини ўзи банд қилишни йўлга қўйиш мақсадида пайвандлаш ускунаси билан таъминлашга ёрдам кўрсатилди.

Шу куни депутат томонидан “Янги хайробод” маҳалласида яшовчи “темир дафтар” рўйхатида турган Фидель Илясовнинг хонадонига бир ойлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам етказиб берилди.

-Ишдан чиқдиму, сайлов окуругим ҳудудидаги сайловчилар билан мулоқот ўтказгани йўлга отландим. Йўл-йўлакай қатор китоб магазинларига кўзим тушди, шу бугун маҳалладаги ёшларга совға учун китоб олиб борай деган истак кўнглимда уйғонди. Аммо, кеч тушиб қолгани учун ҳам китоб магазинларининг барчаси ёпиқ экан. Қуруқ кетмай энди деб озиқ-овқат маҳсулотларидан харид қилдим. Маҳалла раисига телефон орқали боғланиб мақсадимни айтган эдим. “Яхши иш бўлибди, рози бўлсангиз бир оилага моддий ёрдам зарур эди” деб қолди. Маҳалла раиси билан учрашиб фуқаро хонадонига бордик. Китоб магазинлари бежизга ёпилмаганини англаб етдим. Ахир, кимдир моддий жиҳатдан қийналиб турганда, унга китоб бериб маънавиятдан дарс ўтсак малол келмасмикан. - дейди депутат Муҳиба Сайфиддинова у билан телефон орқали бўлган суҳбатимизда.

Маълум бўлишча, фуқаро Ф.Илясов ота-онадан етим қолган, қўлидан устачилик ишлари келади. Уй-жой билан таъминланишга муҳтож. Депутат эътиборини тортган ушбу масала юзасидан маҳалла раиси билан маслаҳатлашган ҳолда, ёшлар учун берилаётган имтиёзли уй-жойлардан олиш учун  Ф.Илясовнинг зарур бўлган барча ҳужжатларини тайёрлаб, рўйхатга киритишга кўмаклашди.

Бир кўнгилни шод этиш, Каъбани обод этиш билан тенг, деган ибратли нақл бор. Албатта, депутатимиз томонидан амалга оширилган бу каби амаллар,  фуқароларнинг  яшаш шароитини яхшилашга хизмат қилиши билан бир қаторда уларнинг кўнглида эртанги кунга ишонч ва умид уйғотиши аҳамиятлидир.

 

Зилола ДЎСАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд шаҳар кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+