Ёшлар қачон жиноят кўчасига кирмайди?

22.08.2022 11:08:47

Кейинги йилларда ёшлар масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари бошчилигида бу борада амалга оширилаётган ишлар барча даражадаги раҳбарлар томонидан қўллаб-қувватланяпти. Жалақудуқ туманида бу борада амалга оширилаётган ишлар талаб даражасидами? Халқ депутатлари Жалақудуқ туман Кенгаши депутатлари туман ички ишлар бўлими раҳбарлари олдига айни шу саволни қўйдилар.

Шундан келиб чиқиб маҳаллий кенгаш депутатларининг кенгайтирилган йиғилишида туман ИИБ бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Ҳасановнинг туманда 2022 йилнинг 7 ойи давомида ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди. Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ёшлар билан ишлаш аниқ режа асосида олиб борилди. Асосий эътибор, ҳудудлардаги ёшлар, айниқса уюшмаган ёшлар ва вояга етмаганларга қаратилиб, улар билан манзилли профилактик ишлар олиб борилди. Албатта бу ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва жиноятчиликларнинг олдини олишга хизмат қилди.

ан2_7

Шунга қарамай туман ҳудудида 166 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, шундан 29 таси, яъни умумий жиноятчиликнинг 17,5 фоизи ёшлар томонидан содир этилган. Бу бир қарашда катта рақам бўлмасада, ташвишга солади. Негаки жиноятнинг биттаси ҳам кўнгилсизлик, эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Шу ўринда яна бир рақам, айни вақтда 42 нафар фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-она, 44 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган вояга етмаганлар мавжуд. Улар билан доимий равишда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш юзасидан профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда. Бунга қўшимча жамоатчилик таъсирини ҳам йўлга қўйиш зарур.

Уюшмаган ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал қилиш мақсадида ҳудудларда сайёр оммавий қабул ва учрашувлар ўтказилмоқда. Бу тадбирларга фаол ва уюшмаган ёшлар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этган йигит-қизлар, уларнинг оила аъзолари ҳам таклиф этилди. 711 нафар уюшмаган ёшлардан 115 та мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг 100 таси жойида ҳал этилди, 10 таси назоратга олинди, 5 таси бўйича тушунтириш берилди.

Албатта ёшлар масаласида биргаликда иш олиб бориш лозим. Агар ҳуқуқ тартибот идоралари ва жамоатчилик институтлари бир куч бўлса ҳар қандай жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олди олиш, келажак эгаларини Янги Ўзбекистонга муносиб инсонлар қилиб камолга етказиш мумкин.

Маҳаллий кенгаш депутатлари кун тартибидаги масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз олдиларига ёшлар қачон жиноят кўчасига кирмайди, деган саволни қўйдилар. Жавоб аниқ: бунинг учун биргаликда иш олиб бориш лозим. Депутатлар шундай хулоса билан олдинда турган вазифаларни белгилаб олдилар.

Тўйдихон Алибоева,

халқ депутатлари Жалақудуқ туман Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+