Ёшлар саломатлиги – партия эътиборида

09.05.2021 11:05:08

Бугунги кунда умумтаълим мактабларида болалар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар нафақат мутахассислар, балки ота-оналар, кенг жамоатчилик эътиборини жалб этмоқда. Бу бежиз эмас, албатта.

Шуни таъкидлаш лозимки, таълим муассасаларида болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, жумладан, стоматология хизмати соҳасидаги  ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар тўпланиб қолган.

Мактаб ва ўсмир ёшидаги болаларда оғиз бўшлиғидаги  касалликларнинг ортгани ва ўз вақтида даволамаслиги оғир касалликларга чалинишга, ҳаттоки ногиронликка олиб келишини кузатишимиз мумкин.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан партиянинг “Ёшлар саломатлиги – партия эътиборида” лойиҳаси доирасида таълим муассасаларидаги тиббий аҳволнинг ҳолатини ўрганиш мақсадида вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан партия фаоллари, депутатлар, халқ таълим бўлимлари, туман тиббиёт бирлашмалари ва стоматология поликлиникалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Партиянинг шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан ишчи гуруҳ билан биргаликда вилоят бўйича жами 550 та умумтаълим мактаблари ўрганилди. Ўрганишлар давомида 550 та умумтаълим мактабларида жами 259009 нафар ўқувчилар таълим олиши аниқланди. Ўрганишлар жараёнида умутаълим мактабларининг тиббиёт хоналари мавжудлиги, уларнинг моддий-техник базаси, тиббиёт ходимларининг мавжудлиги, кариес касаллиги ташхиси қўйилган ўқувчилар ҳақида маълумотлар, сколиоз касаллиги ва ясситовонлик билан касалланган ўқувчилар бўйича маълумотлар ўрганилди.

Лойиҳа доирасида ўрганишлар якуни ҳамда аниқланган муаммолар ва камчиликлар юзасидан Жиззах давлат педагогика институти қошидаги академик лицейининг фаоллар залида “Ўзбекистонда болалар стоматологияси: муаммо ва ечимлар” мавзусида кенгайтирилган тадбир ташкил этилди.  Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши ҳодимлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳалқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари, ота-оналар, талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.  

Қайд этилганидек, аҳолининг кенг қатлами учун тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш, умумтаълим мактабларида болалар учун кўрсатилаётган тиббий ёрдам тизимини мутаҳкамлаш соҳасидаги устувор вазифаларни белгилаш билан бир қаторда ижтимоий ва тиббий статистик маълумотлар ҳамда эпедемиологик илмий тадқиқотлар натижалари инсон саломатлиги, шу жумладан стоматологик касалликлар ва болаларда учраётган сколиоз ва ясситовонлик билан касалланиш ҳолатлари салбий тенденцияларни кўрсатмоқда.

Лойиҳа бўйича ўрганишлар давомида вилоят бўйича сколиоз касаллиги билан касалланганлар 264 нафарни, ясситовонлик билан касалланган ўқувчилар жами 4064 нафарни, кариес касаллиги ташхиси қўйилган болалар 3200 нафарни ташкил этиши маълум бўлди, - дейди партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Пўлат Ҳамзаев. – Кўришимиз мумкинки, ҳозирда ясситовонлик билан касалланган болажонлар сони ортмоқда. Бунга сабаб болалар пойабзалларнинг талаб стандратларига тўла жавоб бермаслиги, сифатсиз пойабзалларнинг сотилиши ва буни назоратга олинмаганлигидир. Қолаверса, ўрганилган мактабларда ўқувчиларнинг ота-оналари билан учрашувлар ўтказилиб, уларда 1000 дан ортиқ ота-оналар билан суҳбатлашилди.

Шу билан биргаликда тадбирда сўзга чиққан, партиянинг Жиззах шаҳар Кенгаши раиси Дилбар Ҳакимова томонидан кариесдан сақланиш учун фарзандларимизга соғлом турмуш тарзини болаликдан ўргатиш, уларнинг биринчи навбатда, тиббий маданиятини шакллантириш лозимлиги таъкидланди. Қолаверса, болаларнинг тиш касалликларини даволовчи шифокор йилда бир марта эмас, ҳар куни ўз малакасини ошириши, ўз устида ишлаши зарур. Яхши стоматолог соҳа янгиликларидан бохабар бўлиши ва стоматологияда жорий этилаётган янгича усуллардан фойдаланган ҳолда тиш ва оғиз бўшлиғи касалликларини тез ва қулай тарзда даволашнинг янгича усуларини татбиқ этмоғи лозим.

Ҳақиқатдан ҳам, болалар ўртасида стоматологик касалликларнинг олдини олишда ҳали муаммолар талайгина. Шундан келиб чиққан ҳолда, умумтаълим мактабларида стоматология хоналарини ташкил этиш, кариес билан оғриган болаларга тизимли тиббий муолажаларни амалга ошириш орқали сифатли тиббий кўриклар ташкил этиш муҳим. Бу, албатта, ҳар бир боланинг саломатлигига, унинг билим олиши ва баркамол авлод бўлиб улғайишига хизмат қилади.

Тадбир якунида лойиҳани ўрганиш жараёнида аниқланган муаммо ва камчиликлар тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида муҳокама қилиниб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан  жавоблар берилди.

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+