Ёшлар сиёсатида президентга елкадошмиз

03.07.2021 10:07:13

Ёшлар кунига бағишлаб ўтказилган ёшлар ва талабалар  Форумида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзлаган нутқи ёшларда илм олишга, ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этишга ишонч уйғотди. Унда давлатимиз раҳбари ёшларнинг илм олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик каби фаолиятларида қийинчилик туғдираётган жиҳатларга алоҳида эътибор берди. Жумладан, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг касб ва ҳунарга ўргатилиши, ёшларнинг стартап ғояларини амалга оширишда амалий ёрдам бериш каби таклифлар асосида амалга ошириладиган ишлар катта ҳаёт бўсағасида турган ёшларнинг ўз фаолиятларини бошлашларида сезиларли ёрдам беради.

Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этмоқда. Ҳаётни ўрганадиган бўлсангиз, бўш иш ўринларининг аксариятига олий маълумоти йўқлиги ёшларни ишга олишга тўсқинлик қилади. Эндиликда, Президент таклифи билан олий маълумот талаб қилинадиган иш ўринлари қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

Айниқса, ёшларнинг олий таълим олишдаги қийинчиликлари контракт суммасини тўлаш билан боғлиқдир. Ўзим узоқ йиллар олий таълимда дарс берганман. Анча йиллар олдин баъзи бир яхши ўқийдиган талабаларимизнинг контракт пулини тўлай олмасдан академик таътил олганларининг гувоҳиман.  Ёки аълога ўқиш имкони бўлса ҳам, контракт тўлови учун параллел ишлаб, дарс тайёрлашга улгуролмай, паст баҳоларга ўқиганлар бўларди. Узоққа бормай, жиянларимдан бири биринчи ўринда контрактга тушиб, ота-онамни қийнамайман деб ўқишдан бош тортган эди. Яна бир жияним қанча қиммат бўлмасин, ўқиб илм оламан деб, озгина бали етмагани учун икки баравар тўлаб ўқимоқда. Лекин оила анча қийналди. Мана шу ўринда таълим кредитининг мавжудлиги жонга оро киради. Лекин унинг ҳам фоизи баландлиги қийинчилик туғдиради. Президентимиз мана шу оғриқли масалада ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, ўқимишли ёшларнинг кўпайиши учун таълим кредитларини 3 йил эмас, 7 йилга бериш ва фоизини 22-28 фоиз эмас, 14 фоиз қилиб белгилаш таклифини илгари сурдилар.

Айниқса, “Темир дафтар”даги оилалар фарзандларига контракт суммасининг биринчи ўқув йили учун давлат бюджетидан тўлаб бериш тизимининг жорий қилиниши бундай оилалар учун катта имкониятдир. Биз илгари суриб келаётган олий таълимга қамровни ошириш ғоясининг амалга ошишида Президент нутқида қўйилган вазифалар катта аҳамиятга эгадир.

Форумда тилга олинган технопарклар яратиш масаласи бугуннинг долзарб вазифаларидандир.  Ҳаётга разм солсангиз,  атрофимизда иқтидорли, бизнес ғоялари,  турли стартап  ғоялари билан яшаётган креатив ёшларни кўрасиз. Уларни қўллаб-қувватлаш, уларга шароит яратиш учун бундай технопарклар зарур. Ахборот асрига айланган давримизда жаҳонга бўйлашиб юрмоқ учун,  ёшларнинг қаноатланиб фаолият олиб бормоғи учун уларга шароит ва эркин муҳит керак.

Ватанни ривожлантирса, ана шундай ёшлар ривожлантиради, тараққиётга ҳисса қўшса, ана шундай ёшлар ҳисса қўшади.

Ёшлар сиёсати борасида мутлақо янги тизимни яратиш учун Президентга елкадош бўлиб, эзгу ғояларни амалга ошириш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Гулбаҳор Саидғаниева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+