Ёшлар таклифлари тингланди

17.06.2022 14:06:43

Мана, бир ойдирки, мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Конституцияга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдириш давом этмоқда. Асосий қонунни такомиллаштириш масаласини муҳокама қилишда “Адолат” СДП фаоллари ҳам қатнашмоқдалар. Айниқса, “Ёш адолатчилар” қаноти вакилларининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари диққатга сазовордир.

Куни кеча Наманган шаҳар партия кенгаши навқирон сафдошларимиз билан ана шу мавзуда тадбир ўтказди.  Унда Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ходимлари, Наманган давлат университети талабалари иштирок этдилар. “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова Конституциянинг жамият ҳаётидаги роли ҳақида сўзлаб берди. Жойларда ташкил этилган бир қатор конференция ва учрашувларда Асосий қонунга киритиш таклиф қилинган қўшимча ва ўзгартиришлар ҳақида ҳам сўз борди.

Ўз навбатида ёшлар  бир қатор мулоҳазаларни баён этдилар. Мисол учун, вилоят кутубхона-ахборот маркази ходими Дилшод Султонова Конституция 68-моддасининг янги таҳририни таклиф этди. Унинг фикрича, маъмурий-ҳудудий бирликлар сирасига маҳаллани ҳам киритиш лозим. “Шаҳарча” тушунчасини эса чиқариб ташлаш керак.

“Ёш адолатчилар” қаноти шаҳар кенгаши раиси Аббос Усмонхўжаев  Конституцияда истисносиз ҳар бир фуқаронинг тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаб қўйиш зарурлигини таъкидлади. Бу, бозор иқтисодиёти тамойилларига мос тушган бўларди.

– Шу кунларда барча бошланғич партия ташкилотларида Конституцияга киритиладиган қўшимча ҳамда ўзгартиришлар тўғрисида суҳбат ва маърузалар ўтказилмоқда, - дейди “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши раиси Мирзараҳмат Олтмов. – Билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни рўйхатга олиш йўлга қўйилган. Уларнинг барчаси Конституциявий комиссияга жўнатилади.

“Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилотининг бошқа туман кенгашларида ҳам Асосий Қонунга киритиладиган қўшимча ва ўзгартиришларга бағишланган тадбирлар ташкил этилмоқда.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+