Ёшлар ташаббусларини сўзсиз амалга ошириш муҳимлиги таъкидлади

02.07.2024 12:07:23

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Президентимиз раислигида бўлиб ўтган ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилиш республикамиз ёшларининг илмий, интеллектуал, касбий ривожланишлари учун яна бир бор имкониятлар эшигини очди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари мамлакатимизда сўнгги етти йил ёшларни қўллаб-қувватлаш уларни истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда «катта сакраш даври» бўлганлигини таъкидлади. Ҳақиқатдан ёшлар сўнгги йилларда юртимизда тўғри ва тизимли йўлга қўйилган сиёсат туфайли яратилган шароитлардан тўғри фойдаланган ҳолда юксак марраларга эришиб келмоқдалар.

Таълим соҳасида қилинаётган ўзгар ишлар анча сезиларли. Ёшларни олий таълим муассасаларига ўқишга киришида, талабаларнинг контракт тўловларини амалга оширишдаги енгилликларни алоҳида таъкидлаш лозим. Биргина таълим кредитидан 151 минг ёшлар фойдалангани, эҳтиёжманд оилада яшовчи яна 110 минг талабанинг контрактини тўлашга 332 миллиард сўм ажратилгани ҳам сўзимизни исботлайди.

Президентимиз мутасаддиларга «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да ёшларнинг ахлоқий, интеллектуал, ижодий ва жисмоний ривожланиши учун ҳар бир лойиҳа ва ташаббус сўзсиз амалга оширилиши муҳимлигини таъкидлади.

Йиғилиш давомида ёшлар томонидан «Иқтидорли ёш кадрлар» электрон платформасини ишга тушириш, кўчма «Шеърият театрлари»ни ташкил этиш, дунёнинг «Топ-100» таликка кирган университетларга кириш тартиблари, грант ютиш сирларини ўргатиш мақсадида оромгоҳлар ташкил қилиш каби билдирилган қатор таклиф ва ташаббусларни чуқур ўрганиб, амалиётга татбиқ қилиш учун топшириқлар берилди.

IT соҳаси ёшларни бандлигини таъминлаш ва катта даромад топиб ўз келажакларини қуришларида катта аҳамият касб қилмоқда. Эндиликда соҳада ўзини ўзи банд қилган ёшларга IT парк резиденти мақоми берилиши, улар уч йил давомида солиқлардан озод қилиниши, IT парк томонидан IТ компаниялардаги каби тиббиёт, спорт ва офисдан фойдаланиши учун уларга ижтимоий карта берилиши, албатта, ёшлар учун катта имконият бўлди.

Ҳар соҳада ёшлар ўзини намоён қила олишлари, кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда ютуқларга эришишлари, истеъдод ва қобилиятларини кўрсата олишлари учун шароитлар етарлича яратилмоқда.

Қолаверса, мактаб, коллеж, техникум, олийгоҳ спорт заллари ва кутубхоналари, стадион ва бассейнлар маҳалла ёшларига хизмат қилишини таъминлаш, бир қанча спорт турларидан вазир, ҳоким кубоги учун мусобақа ва танловлар  ўтказиш, ҳар бир истироҳат боғи, сайилгоҳ ва хиёбонларга бепул «wi- fi» ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Ватанимиз келажаги бўлган ёшлар бу каби яратилган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиб, Учинчи Ренессансни қура олишига ишонамиз.

Хуршид ДАВЛEТОВ,

ТАТУ Урганч филиали Ёшлар билан ишлаш,

маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи,

«Адолат» СДП

Хоразм вилоят «Ёшлар қаноти» раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+