Ёшлар - Ватаннинг суянчи, таянчи

02.07.2021 10:07:15

Ҳаёт ҳар бир кишига улкан ва бебаҳо туҳфа инъом этади, бу куч-қувватга тўла, билим ва курашга чанқоқ, ишонч ва орзу-умидга тўла ёшликдир. Ёшлар эртанги куннинг асосий куч-қудратидир.

Мамлакатимизда ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, дунёқараши кенг, тийран фикрлайдиган, муаммоли вазиятларда тўғри қарор чиқара оладиган келажак эгаларини тарбиялаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” дея ном берилгани ҳам буни амалий ифодасидир.

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяркан, нафақат минтақада, балки бутун дунёда Янги Ўзбекистон ибораси пайдо бўлди. Бу эса ўтган йиллар давомида Президентимиз томонидан барча соҳаларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, фаол, бунёдкор ёшларимизнинг улкан ишларни амалга оширишга қодир эканининг яна бир тасдиғидир.

Ёшларнинг илм-фан, технологиялар, адабиёт, санъат каби соҳаларда эришаётган натижаларини оммага намойиш этиш, қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган ёшлар ва талабалар форумида ҳам ёшлар томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар эътироф этилди.

Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган мазкур форумда давлатимиз раҳбарининг ҳам иштирок этиши барча ёшлар қалбида ўзгача фахр туйғусини акс эттирди, десак муболаға бўлмайди.

Форумда ўтган бир йилда билимли ва зукко ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида 4 та олтин, 18 та кумуш ва 29 та бронза медалларини қўлга киритишгани, Президент мактабларини тамомлаган 96 нафар ўқувчиларнинг барчаси муддатидан аввал нуфузли хорижий олийгоҳларга грант асосида ўқишга киргани таъкидланди.

Умуман, ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз. Бунинг учун, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар заҳирасини тасдиқлайди. Жорий йилдан бошлаб, бундай иқтидорли ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўтайди. Шунингдек, республикамизда ишлаётган, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланади, - деди юртбошимиз Ш.Мирзиёев.

Ишончимиз комилки, Президентимизнинг учрашувда сўзлаган оташин нутқи барча ёшлар қалбига бир олам қувонч олиб кирди, ёшларга оид давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларда масъул раҳбарлар зиммасига катта масъулият юклади.

 

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+