Ёшлар – янги Ўзбекистон келажагининг ишончли кафолати

02.07.2021 19:07:35

Президентимизнинг шахсан ташаббуси ва раҳнамолигида сўнги беш йилликда айнан биз ёшларнинг илм олиши, муносиб иш билан таъминланиши масаласи давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида қаралиб келинмоқда.

Куни кеча юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумидаги нутқи давомида илгари сурилган таклиф ҳамда ташаббуслари бунинг яққол тасдиғи деб биламан.

Айниқса, бизни хурсанд қиладиган энг муҳим ташаббусларидан бири ёш кадрларни раҳбарлик лавозимларига тайинлашда янгича тизим жорий этилаётганлигидир. Хусусан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳар йили ҳоким, вазир, идора ва банк раҳбарлигига камида 2 нафардан ёш номзодлар захирасини тасдиқлашга доир тавсияни илгари суришга доир Президентимизнинг ташаббуслари алоҳида таҳсинга лойиқдир. Бунинг учун жорий йилдан бошлаб, бу каби иқтидорли ёшларнинг “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан чет элларда стажировка ўташлигини билдирди. Шунингдек, республикамизда ишлаётган, халқаро нуфузли рейтингларда мингталикка кирган олийгоҳни тугатган ва чет элда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўланиши каби муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Бизга яхши маълумки, ёшларга доир давлат сиёсатини амалга оширишда авваллари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи каби ташкилотлар фаолият кўрсатди. Бироқ, бундай ташкилотлар амалда ўз самарасини бермади. Шу боисдан Президентмизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилган эди. Шунга қарамасдан, ушбу йўналишда  ёш номзодларни муҳим раҳбарлик лавозимларга тавсия этишга доир муҳим масалалар кўп ҳолларда эътиборсиз қолиб кетарди.

Ушбу масалани Президентимиз томонидан маҳаллий Кенгашларнинг масъул этиб белгиланаётганлиги ҳамда ҳар бир вилоят ҳокими ва вазир йил бошида ўз ҳудуди ва тизимига ана шундай ёш мутахассисларни ишга олиб келиш режасини тасдиқланиб, уларга бериладиган иш ҳақи, уй-жой ва рағбатлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш вазифаси қўйилмоқда.

Бу эса юртбошимизнинг ёш кадрларга қаратилаётган эътибор ҳақиқий наъмунаси деб биламан.

Энг муҳими мамлакатимизда Янги Ўзбекистон шиори остида амалга оширилаётган ислоҳотларни ёш, замонавий билим ва кўникмаларга бўлган ташаббускор интилувчан янги авлод кадрларисиз эришиб бўлмаслигини бугунги даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. 

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг “Азиз ёшлар, шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтишни истардим. Биз Ўзбекистонда ҳар бир йилга қандай ном беришимиздан қатъи назар, ёшларнинг билим ва касб-ҳунар эгаллаши, улар учун муносиб иш ва турмуш шароити яратиш масаласи доимо эътиборимиз марказида бўлиб қолади” деган сўзлари биз каби ёш авлодга келажак учун энг катта ишонч бўлиб хизмат қилади.

 

Жамшид МУСАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Навоий вилоят Кенгаши  

“Ёш адолатчилар” қаноти

 Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+