Ёшлар — янгиланаётган Ўзбекистоннинг бунёдкор кучи

01.09.2019 12:09:31

Кейинги икки-уч йил ичида Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Бу ҳолат, айниқса, ҳукумат, партиялар, депутатлик корпуслари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик ва ошкораликда яққол кўзга ташланмоқда. Куни кеча бирон-бир вилоят ҳокими ёки вазирнинг қабулига киролмаган депутатларимиз, бугун уларнинг ҳисоботини эшитиб, фаолиятига баҳо бермоқда. Сўзимнинг аввалида айтиб қўя қолай, бу жараён кимлардир ўйлагандек осон кечмаяпти. Ёки бизни кўролмаётган ғаламислар пана-пастқамда миш-миш уруғини экаётгандек кўзбўямачилик учун қилинмаяпти. Тараққиётнинг янги босқичига мослашиш, бугунги тезкор давр билан ҳамнафас ва ҳамқадам бўлиш жараёни ҳам енгил кечаётгани йўқ.

Давлатимиз раҳбари бизга, жумладан, барча катта-кичик раҳбарларга қайта-қайта “халқ орасига киринг, уларнинг дардига малҳам бўлинг, муаммосига ечим топинг, токи халқ келажакдан эмас, бугундан рози бўлиб яшасин”, дея мурожаат қилмоқда. Шунингдек, сиёсий партиялар демократик жамиятнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиши кераклигини бот-бот уқтирмоқда. Бу мурожаатлар, уқтиришлар бежизга эмас, албатта. Чунки кеча, ўтган куни халқнинг айрим раҳбарлардан, ўзи сайлаган, ўзи ишонган депутатларидан кўнгли қолган эди. Уларга бўлган ишончи йўқолган эди. Демак, биз, энг аввало, йўқолган ишончни тиклашимиз, бизга ишониб овоз берган, дастурларимизга ишониб электоратимиз сафидан жой олган юртдошларимизни рози қилишимиз, ишончини оқлашимиз керак бўлади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, кейинги икки-уч йилда сиёсий партиялар демократик жамиятнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айлана бошлади. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган туб ислоҳотларда фаол қатнашиб, халқчил дастурий ғоя-мақсадларини изчил амалга оширишга ҳаракат қилиб келмоқда. Зеро, бугунги тараққиёт ҳар бир юртдошимиздан ташаббускорлик руҳида ишлаш, янгича фикрлашни тақозо этмоқда. Мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишини мақсад қилган партиямиз ўз фаолиятига ана шу нуқтаи назардан ёндашиб иш олиб бормоқда.

Ўрни келганда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, тараққиётимизнинг янги босқичида мамлакатимизда сиёсий партиялар фаолиятига доир қонун ҳужжатлари такомиллашиб, бу борада бир қатор янги имкониятлар яратилганлиги демократик ислоҳотлар жараёнида ўз ижобий самарасини бермоқда. Жумладан, парламентнинг жамоатчилик назоратидаги ўрни ошди. Буни барча даражадаги ҳукумат раҳбарлари (Бош вазирдан тортиб, турли соҳа вазирлари, маҳаллий Кенгашларда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари) парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатларига ҳисобот бера бошлагани ва ҳукумат соати институти жорий этилганлиги мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Эътиборлиси, парламент назоратининг ушбу янги механизмлари депутатлар томонидан жойида аниқланган муаммоларни ижро ҳокимияти олдига қўйиш имкониятини берди. Хусусан, ўтган давр мобайнида “Ҳукумат соати”га партиямиз фракцияси ташаббуси билан бир қатор долзарб масалалар киритилди. Жумладан, фракция аъзолари томонидан аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигида кластерлар ташкил этиш, ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиши, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатланиш каби масалалар киритилди.

Шунингдек, бир қатор вазирлик ва идораларга “Баркамол авлод” марказлари фаолиятини давр талаби даражасида йўлга қўйиш, айниқса, умумий ўрта таълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, дарсликлар сифати масалалари каби бугунги кунимизнинг ўта муҳим ва долзарб масалалари юзасидан парламент сўровлари юборилди.

Албатта, шу ўринда газетхонларда партия ташаббуси билан яна қандай ишлар амалга оширилаяпти, деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Келинг, ана шу саволга ҳам жавоб бериб ўтайлик. Хўш, бугун сизнинг назарингизда мамлакат тараққиётига, унинг дунё ҳамжамияти орасидаги мавқеига соя ташлаётган энг асосий иллат нима? Шубҳасиз, худди сиз ўйлаганингиздек, бу иллат — КОРРУПЦИЯ!

Хўш, жамият тараққиётининг асосий кушандаси ҳисобланмиш бу иллатни йўқотиш учун нима қилмоқ керак?!  

Шубҳасиз, бу иллатга қарши курашишда мамлакатда қонун устуворлигига эришиш, халқ учун барча даражадаги идораларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш зарур. Шу мақсадда партиянинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари иштирокида жойларда қонунларнинг ижросини ўрганиш йўлга қўйилди. Бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасадди давлат органларига таклифлар киритилиб, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар давом эттирилмоқда. Чунки ҳар қандай жамият ёки давлатда қонун устувор бўлсагина, коррупция аталмиш чирмовуқ таг-томири билан қурийди. Бунинг учун жамоатчилик назоратини кенгайтиришимиз, ҳар бир фуқаронинг бу иллатга нисбатан кескин муносабатини шакллантиришимиз лозим. Ушбу мақсадни амалга ошириш жараёнида фарзандларимизни коррупция иллатига қарши курашишга ўргатишимиз, бунинг учун қўлланмалар яратиб, ҳар бир муассасада тарбиявий таълимни амалга оширишимиз керак. Акс ҳолда кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз.

Лойиҳа доирасида ишчи гуруҳлар томонидан республикамиз бўйича жами 1485 та маҳалладаги 25330 та хонадон ва 980 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Ушбу учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 1280 та мурожаат келиб тушди. Улар юзасидан масъул ташкилотларга 360 та депутатлик сўрови юборилиб, 80 тасида қайд этилган масалалар ижобий ечим топишига эришилди. 900 та мурожаат жойида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди. Таъкидлаб ўтиш керакки, партиямизнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳасидан кўзланган мақсад — ҳар қандай кўринишдаги коррупция илдизига болта уришдир.

Маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларимиз ҳам янги тизим асосида ишлашга ўтди. Партия депутатлари томонидан маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссияларга киритилган масалалар сони тубдан ошди. Жумладан, 2017 йил давомида доимий комиссияларга 254 масала киритилган бўлса, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида ушбу кўрсаткич 280 тани ташкил этди. Халқ депутатлари ҳудудий Кенгаш сессияларига масала киритишда ҳам депутатларимиз фаоллик кўрсатишмоқда. Сессияларда илгари сурилаётган масалаларнинг аксарияти Сайловолди дастуримиздан келиб чиққан ҳолда таълим, тиббиёт, мактабгача таълим тизимида аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилмоқда.

Партия ташаббуслари халқимиз томонидан қўллаб-қувватланиши ҳар бир сафдошимизга куч бағишлайди, албатта. Шу маънода “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги ўтказилган беғараз донорлик акциясини алоҳида келтириб ўтиш жоиз. Турли касаллик ёки бахтсиз ҳодиса туфайли қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшиш мақсадида партиямиз ташаббуси билан йилига икки марта донорлик акцияси ўтказиш анъанага айланди. “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ўтказилган беғараз донорлик акцияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида уюшқоқлик билан ташкил этилди. Хайрия ишида 1500 дан ортиқ кўнгилли юртдошларимиз иштирок этиб, 981 нафар донор қон топширди. Натижада 1962 нафар бемор болажонлар саломатлиги учун зарур бўлган 392 литр тириклик манбаи тўпланди.

Ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш мақсадида партиянинг барча шаҳар, туман кенгашлари томонидан амалиётга йўналтирилган “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси ҳам кўплаб фуқароларда партиямизга хайрихоҳлик уйғотди. Ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилган бир қатор ишлар бандликни таъминлашга ҳисса қўшиш орқали инсон манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Жумладан, лойиҳа доирасида жами 647 нафар аёллар ва ёшлар ишга жойлаштирилди. 35 нафар ёшларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кредит олишга кўмаклашилди, 10 нафар аёллар туман Бандликка кўмаклашиш маркази орқали тикувчилик йўналиши бўйича қайта тайёрлов курсларига юборилди.

Таъбир жоиз бўлса айтиб ўтиш лозимки, йилдан-йилга дастурий ғояларимизга нисбатан халқнинг ишончи ортиб бормоқда, амалий ишларимиз инсонларда қониқиш ҳосил қилмоқда. Буни сафдошларимиз салмоғи ошиб бораётганида ҳам кўришимиз мумкин. 2016 йилда партия аъзолари сони 157 222 нафар бўлган бўлса, бугунги кунда бу рақам 383 957 нафарни ташкил қилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаб ўтишни истардимки, биз бу рақамлар билан мақтанмоқчи эмасмиз. Чунки ҳали қилаётган ишимиз, аъзоларимиз сонидан ўзимизнинг ҳам кўнглимиз тўлгани йўқ. Лекин сайловлар йилида режаларимиз бисёр. Янги тайёрланаётган Сайловолди ва Сиёсий дастуримизда асосий эътиборимизни ёшларга қаратаяпмиз. Бу борадаги муаммоларни ҳал қилишда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Соғлиқни сақлаш, Олий таълим, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари билан янада яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Агар биз келажаги буюк, дунёнинг ривожланган мамлакатлари билан бўйлашадиган, улар билан тенгма-тенг тиллашадиган давлат қурмоқчи эканмиз, асосий эътиборимизни ёшларимизнинг таълим-тарбиясига қаратишимиз зарур ва шарт. Зеро, ёшлар янгиланаётган Ўзбекистоннинг буюк келажагини таъминловчи бунёдкор кучдир!

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,

Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+