Ёшларга эътибордан  мамнунмиз

23.02.2021 19:02:34

Мамлакатимизда кейинги йилларда навқирон авлод  вакилларига эътибор тобора  кучайиб  бормоқда. Уларнинг  таълим  олишлари,  касб-ҳунар  ўрганишлари, иш билан таъминланишлари, қисқаси, жамиятнинг  тенг  ҳуқуқли  аъзоси  бўлиб  етишишлари   учун  яратилаётган  имкониятлар бундан  яққол  далолат  бериб турибди. Яқинда  менинг ўзим  ҳам шундай  ҳолатни бошдан  кечирдим. Яъни  давлатимиз  раҳбари  Наманганга  ташрифи  доирасида иштирок  этган халқ  депутатлари вилоят  кенгашининг навбатдан  ташқари  сессиясига таклиф  этилдим.

Анжуманда  Президентимиз  Шавкат  Мирзиёев  сўзга чиқиб, олиб  борилаётган туб истисодий  ислоҳотларни янада  чуқурлаштириш, самарадорлигини ошириш  ва  пировард  натижада аҳоли  турмуш фаровонлигини юксалтириш  масалаларига алоҳида  эътибор  қаратди. Ёшлар билан  ишлаш тизимини янада такомиллаштириш орқали  тенгдошларимизни  ҳар  томонлама  ғамхўрлик  оғушида  бўлишларини таъминлаш асосий  вазифалардан бири эканлиги  таъкидланди. Вилоятимиз фаоллари ҳам ўзларининг таклиф-мулоҳазалари билан  ўртоқлашдилар. Мана  шу  жараёнда менда ҳам анчадан  бери ўйлаб  юрган  фикрларимни юртбошимизга  айтиш  истаги  туғилди.

Қизиғи шундаки, сўз сўраганимдан кейин  кўп  ўтмай, навбат  беришди. Энг аввало, мамлакатимизда ёшларнинг униб-ўсиши  учун яратилаётган шароитлар учун миннатдорчилик  билдирдим. Тенгдошларимиз улардан ўринли  ва  оқилона фойдаланишлари,  юксак ишончни  оқлаш учун тинмай билим олишлари, фидойилик билан меҳнат  қилишлари лозимлигини айтдим. Шу билан бирга тўлақонли натижаларга эришиш учун айрим муаммоларни бартараф этиш зарурлигини қайд этдим.

Масалан, туманимизда ёшлар сони 27,5 мингдан  зиёд. Улар  орасида ишсизлар  ҳам  анчагина. Тўғри,  йигит-қизларнинг  бир  қисмига  деҳқончилик  учун ер  майдонлари  ажратиб  берилди. Бу,  кўп  оилаларга даромад  топиш  имконини беради, албатта.

Халқ депутатлари  вилоят  кенгашининг навбатдан ташқари  сессиясида мен  ёшлар  ўртасида  ишсизликка барҳам  бериш  юзасидан бошқа бир мулоҳаза  айтдим. У  туманимиз  ҳудудида ишга  туширилиши кўзда тутилаётган  нефть  конлари билан  боғлиқ. Мана  шу  соҳада  меҳнат қиладиган мутахассисларни Наманган давлат  университетида тайёрлашни  йўлга  қўйишни  таклиф этдим. Бу масала юртбошимиз томонидан ҳам қизғин  қўллаб-қувватланди. Ўша заҳоти тегишли мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди. Бундан мен ниҳоятда  хурсанд бўлдим. Энди  НамДУда  очиладиган янги  йўналишни тумандаги тенгдошларим ўртасида кенг тарғиб қиламан. 

Энг муҳими – мазкур  сессияда вилоятни  ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги  марралари белгиланди. Уларни эгаллаш учун бошланган курашда биз  ёшлар ҳам  фаол  қатнашамиз ва бу билан давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликка муносиб  жавоб  қайтарамиз.

                                                                                     Нозима  АКБАРОВА,

Ёшлар иттифоқи Мингбулоқ туман кенгашидаги

“Камалак” болалар ташкилоти раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+