Ёшларга оид давлат сиёсати амалда

14.04.2021 21:04:46

Хар бир давлатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда асосий пойдевор – инсон омили, унинг интеллектуал салоҳияти билан узвий боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, мамлакат аҳолисининг катта қисмини замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшлардан иборат эканлигини инобатга олган ҳолда, мазкур қатлам ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги манфаатларини ҳимоя қилиш ва кузатилаётган долзарб масалаларнинг назарий ва амалий жиҳатдан ечимини топиш кун тартибидаги муҳим вазифадир.

Ўтган даврда, бу борада қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар ёшлар интилиши ва иқтидорларини қўллаб қувватлашга, уларнинг бандлигини таъминлашга оид мустаҳкам тизими ишлаб чиқилди.

Ёшларнинг ҳаётий мақсадларини  ҳаётга  татбиқ  этишлари  учун  зарур бўлган барча шароитлар яратилмоқда. Ёшлар муаммолари давлат сиёсати даражасида ҳал этилмоқда. 

Шунга  қарамасдан,  замон  талаблари  ва  ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар шароитида бугунги ёшлар талаб ва  эҳтиёжларини  ўрганиб  бориш,  амалда  апробациядан  ўтган  халқаро  тажрибанинг маҳаллий шароитда янгича  механизм  ва  ёндашувлар  асосида  амалиётга  жорий  этишда қатор  ишларни амалга ошириш вазифаси ўз долзарблигини сақлаб келмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг  кўламли ислоҳотлар, турли жабҳалардаги янгиланишлар самараси, бутун 
дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда, Ўзбекистоннинг халқаро даражадаги нуфузи янги босқичга кўтарилиб, бу ҳолат кўплаб сиёсий лидерлар томонидан мамлакатимиз билан дипломатик муносабатларни қайта кўриб чиқишига ундамоқда.

Бу  каби  жараёнлар  давлат  бошқаруви  соҳасида  ҳам  янгича  ёндашувлар  ва  муносабатни  тақозо  этмоқда. Айниқса, мамлакатимиз келажаги ҳисобланмиш ёшлар орасидаги муносиб раҳбарларни танлаш, уларнинг бу борадаги  компетенцияси  ва  салоҳиятини  ошириш,  бандлигини таъминлаш   ишлари олдимизда турган устувор вазифалардандир.

Шу мақсадда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мазкур йиғилишда ишсиз ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитиш, маблағ билан таъминлашда ҳам камчиликларга йўл қўйилаётгани, хусусан, “1+1” дастури доирасида 100 минг нафар ёшни ўқитиб, кейин уларга имтиёзли кредит ажратиш белгиланган бўлса-да, Савдо-саноат палатасининг қуйи тузилмалари бу ишларни тизимли ташкил эта олмаётгани таъкидланди.

– Энг муҳим вазифа, аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб бериш. Бу борадаги энг катта имконият ва захирамиз бу – тадбиркорлик, айниқса, кичик ва ўрта бизнесдир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича янги механизм жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу тизимда халққа ҳам, ташкилотларга ҳам маъқул бўладиган бир қанча имтиёзлар белгиланади.

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+