Ёшларни ахборот хуружидан асрайлик!

20.05.2022 12:05:29

Ўзбекистон "Адолат" СДП Қумқўрғон  туман  Кенгаши  томонидан тумандаги 20-сонли мусиқа ва санъат мактабида "Ёшларни ахборот  хуружидан  асрайлик"   мавзусида  давра суҳбати ташкил этилди. Унда Партия Қумқўрғон туман Кенгаши ва “Ёш адолатчилар қаноти”Кенгаши фаоллари, ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этишди. 

Тадбирда маъруза қилганлар бугунги глобаллашув жараёнида инсон маънавиятига қарши йўналтирилган ахборотлар, уларнинг салбий оқибатларидан ёшларимизни ҳимоя қилиш, интернетдан ахборот олиш, ахборот алмашиш борасида тизим яратилганлиги ҳамда ахборот хуружларининг ёшлар ҳаётига таъсири ҳақида сўз юритишди.       Давра суҳбатида ахборот хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифа эканлиги хусусан, ёшларда интернет тармоғидан фойдаланганда маданият ва ахлоқ меъёрларига риоя қилишни, мафкуравий иммунитетни кучайтириш, хусусан, интернет тармоғига ахборотни жойлаштириш, тарқатиш, излаш, фойдаланиш каби хусусиятларни ўз ичига олган ахборот хавфсизлиги ва интернет маданиятини мукаммал ўзлаштиришлари лозимлиги қайд этилди. Ёшларни нафақат янги технологиялар бўйича ўқитиш ва улардан фойдаланиш қобилиятини шакллантириш, айни чоғда ана шундай технологияларни яратиш ва такомиллаштиришда уларнинг кенг иштирокини таъминлаш масъул ташкилотлар томонидан олиб борилаётганлиги ва ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Бир сўз билан айтганда, дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар барчамиздан ёшлар тарбиясига янада эътиборлироқ бўлишни тақозо этмоқда. Бу жараёнда эса нафақат давлат ташкилотлари ёки таълим муассасалари, балки ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этиши бугунги кун талабидир.      Тадбирда мазкур масала юзасидан глобаллашув даврида ахборотлар оқими боис ёшлар кенг билимга эга бўлибгина қолмай, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларга дуч келаётганликлари, уларни ахборот хуружларидан эҳтиёт бўлиш ҳақида ҳам тўхталиб ўтишди.

Турдимурод Эшназаров, партия Қўмқўрғон туман Кенгаши раиси:

-Таъкидлаш керакки, бугунги тезкор замонда ёшларни ахборот хуружидан асраш, юзага келаётган салбий оқибатларини бартараф этиш долзарб вазифага айланмоқда. Шиддат билан ривожланаётган ахборот асрининг ўзига хос салбий жиҳатлари кези келса ёшларни тўғри йўлдан чалғитаётир. Ўқувчи ёшлар билан ташкил этилган мазкур давра суҳбатида айнан ушбу жиҳатларга урғу берилиб, ахборот маконида вояга етган ҳар бир ёш авлоднинг ўзи мустақил ва онгли равишда зарарли томонларидан ҳимояланишни билиши муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, ҳаётимизда илм-фаннинг ўрни ва қадри нечоғли улуғ эканлиги айтилиб, ёшларни замонавий ахборот воситаларидан илмни чуқур эгаллашда самарали фойдаланишга чақирилди. Аксинча, ахборот оқимида яққол кўзга ташланаётган ва ёшларни ўзига оҳанграбодек маҳлиё қилган медиа маконнинг зарарли одатларидан ҳар дам огоҳ бўлиб туриш давр талаби эканлиги уқтирилди.

Давра суҳбати сўнгида тадбир ташкилотчилари ва ёшлар ўртасида турли савол-жавоблар ўтказилди.

 

Шоҳруҳ Эгамбердиев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қумқўрғон туман

“Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+