Ёшларни бирлаштирган танлов

20.11.2021 07:11:35

Ёш авлод онгида ҳуқуқий ва сиёсий билимларни юксалтириш, бош Қомусимиз ҳамда амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш мақсадида ҳар йили ўтказилиб келинаётган “Конституция билимдони” кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари жойларда кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда.

Самарқанд вилоятида ҳам партиямизнинг туман, шаҳар Кенгашлари томонидан касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар, академик лицейларининг 2-босқич ўқувчилари ва умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари ўртасида ушбу кўрик-танлов юқори савияда ўтказилиб, вилоят босқичида иштирок этувчи ғолиблар аниқланмоқда.

- Бундай кўрик-танловлар туманимиз ёшларига руҳ бағишлаши шубҳасиз. Конституциямиз мағзини яхши англаб олган, ўзининг конституциявий бурчларини яхши англаб етган ҳар бир ёш юксаклик маррасига ҳар кимдан кўра олдинроқ етиб боради. Ҳар бир иштирокчининг шартлар бўйича чиқишлари, ўз фикрларини маҳорат билан етказа билишларига гувоҳ бўлар эканмиз ёшларнинг иқтидори ва шижоатига тан бердик. Бу ёшларнинг келажаги нурафшон эканлигига ишончимиз комил дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Б.Қиличев.

Нуробод туманида бўлиб ўтган кўрик-танлов якунига кўра М.Ғаффорова ғолиб деб топилиб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Пайариқ туманида ҳам кўрик танлов белгиланган низога кўра 3-шарт асосида бўлиб ўтди. Иштирокчилар Конституциямизга оид билимлари, саҳна маданияти, нотиқлик маҳорати ҳамда ижодий қобилиятларини синовдан ўтказиб беллашдилар. Кўрик-танлов қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Иштирокчилар томонидан тайёрланган “Адолат менинг тасаввуримда” мавзуси остидаги саҳналаштирилган чиқишлари тадбирга ўзгача кўрк бағишлади. Танловда тумандаги  21- мактаб ўқувчиси Муҳайё Саримсоқова  фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

- Ғайрат ва шижоат бизнинг кучимиз, Ўзбекистон ёшларининг, ижодкорларининг кучидир. - дейди Муҳайё Саримсоқова, - Албатта, бу кучимизни юртимиз, халқимиз юксалиши йўлида сафарбар этамиз. Ушбу танлов бизга маҳорат дарси бўлди, шу билан бирга тенгдошларимиздан кўп нарсалар ўргандик, дўстлар орттирдик.

Тўлқин Абдулаимов, партиянинг пайариқ туман Кенгаши раиси - Аслида бу танловда иштирок этган барча иштирокчиларни ғолиб деб атасак адашмаган бўламиз. Негаки, улар ўз билими, иқтидори, изланишларини ҳакамлар ҳайъатига, томошабинларга намойиш этиш йўлида ўз устларида янада кўпроқ ишлаш ва изланишларга астойдил аҳд қилгани диққатга сазовордир.

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+