Ёшларни носоғлом ахборотлардан ҳимоялайлик

24.07.2021 14:07:07

 

Ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнгги йилларда  интернетнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Энг ачинарлиси, бузғунчи, ёт оқимлар ижтимоий тармоқлардан ўзларининг  ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқдалар. Бу эса ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ахлоқсизлик  каби аянчли иллатлар тарғиб этилаётгани, шунингдек, турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётгани афсусланарлидир.

Яна шуни қайд этиш жоизки, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларда айрим ёшларнинг халқ орасида обрў-эътибор қозонган аҳли илм, имом, уламоларни масхаралаб, обрўсизлантиришга қаратилган лавҳалари орқали аянчли иллатларни тарғиб этаётгани ҳар бир мусулмон кишининг  қалбини ларзага келтирди.  

Ижтимоий тармоқ орқали фикр билдириш ва бунинг ортидан мақтов (“лайк”)ларни қўлга киритишга уриниш бугунги ёшларини тобора ўз домига тортмоқда.

Бутун дунёда қадриятлар алмашиши, интеграциялашув, глобаллашув, агар таъбир жоиз бўлса, маданиятлар аралашуви, синтезлашуви жараёни кечаётган ҳозирги пайтда ўзга урф-одатларга, маънавий тамойилларга мойил бўлиши табиий ҳол. Бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш ниҳоятда замонавий қиёфага кирди. Интернет тармоғининг жадал ривожланиши жамият ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Одамлар иш кунини интернетдан бошлаб, у билан тугатадиган бўлиб қолди.  

Бугунги кунда виртуал таҳдид ниҳоятда оммалашиб бормоқда. Ўтказилган тадқиқотлар натижаларидан маълум бўлдики, ҳозирда мактаб ёшидаги болалар интернетдан тобора эрта фойдаланишга киришмоқда. Лекин, мутахассисларнинг фикрича, ёши ўнга етмаган бола одатда мустақил равишда интернетдан фойдаланиш учун зарур бўлган танқидий, таҳлилий фикрлаш ва шу асосда маълумотларни фарқлаш, уларни ажрата билиш, бошқача айтганда, “фильтрлай” олиш қобилиятига эга эмас. Шундай экан, онги ва дунёқараши эндигина шаклланаётган ёш авлоднинг маънавий олами дахлсизлигини асраш олдимизда турган энг муҳим масалалардан биридир.

Ёшларимизнинг интернет манбаларидан фойдаланиш ҳолатига назар соладиган бўлсак, уларнинг аксарияти “faсebook”, “telegram”, “ snabchat”,  “tik-tok” каби хорижий ижтимоий тармоқларнинг доимий фойдаланувчилари эканлиги кузатилади. Миллий домендаги сайтларда рўйхатдан ўтганларнинг барчасини жамлаганда ҳам уларга етмайди. Демак, бу ҳолат миллий сайтларимизни ёшлар учун жозибадор, мазмунли, савияли, қизиқарли қилиб яратиш масаласига жиддий эътибор қилишга ундайди.

Айтиш жоизки, глобаллашув даврида ахборотлар оқими боис ёшлар кенг билимга эга бўлибгина қолмай, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларга дуч келаётганликлари, уларни ахборот хуружларидан асраш борасида катта ёшдагиларнинг масъулиятини ошириш зарур.  Мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жамиятнинг турли жабҳаларига жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кўрсатилаётган хизматлар тури кенгайиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши натижасида юртимизда интернет тармоғидан фойдаланувчилар сони тобора ошиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 22 миллиондан ошиб кетди. Интернетнинг ўтказувчанлик даражаси 4 баробар оширилиб, тармоққа уланиш тезлиги 2,5 марта ортди.

Бунинг натижасида мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг ахборот ресурслардан, жумладан, интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти кенгаймоқда.

Таъкидлаш лозимки, миллий қонунчилигимизда ҳам ёшларни носоғлом ахборотлардан ҳимоялашнинг механизмлари мавжуд. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунда ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан, зўравонликни, ҳаёсизликни ва шафқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилиши, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, адабиётларни тарқатиш ҳамда фильмларни намойиш этиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Умуман, бугун ахборот маконидаги реал воқеликдан келиб чиқиб, кенг жамоатчиликнинг манфаатларини рўёбга чиқариш мақсадида ёшларимизни носоғлом ахборотлардан ҳимоялаш масаласини тартибга солувчи ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш долзарб масалага айланмоқда.
Қолаверса, соҳага доир қонун ҳужжатларининг жойларда самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз талаб этилади.

Дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар барчамиздан ёшлар тарбиясига янада эътиборлироқ бўлишни тақозо этмоқда. Бу жараёнларда “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама уйғун ривожланган ёшлар қўлида эканлиги илгари сурган эди. Шундай экан, биз ўсиб келаётган  ёш авлодни  ҳар томонлама, шу жумладан, маънан соғлом бўлиб вояга етишлари учун қайғурамиз. Дастуримизда назарда тутилганидек, дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни интернетнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилишимиз зарур. Бунинг учун, энг аввало, таълим тизимида улар билан мунтазам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришимиз ва бу ишларни ташкил этишда оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланишимиз лозим.

Албатта, бу борада партия ташкилотларимиз ҳамда депутатлик гуруҳларимиз томонидан маҳаллалар, таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа ижтимоий ҳамкорларимиз билан биргаликда партиямизнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз!” шиори остида ёшлар ўртасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, маънавий таҳдидлар, “оммавий маданият”, диний экстремизмнинг таъсиридан ҳимоялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган акциялар, давра суҳбатлари, учрашувлар, марафонлар, кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, куни кеча  Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан бўлиб ўтган “Ёш адолатчилар” Форуми айнан ёшларнинг онгини интернет ва ижтимоий тармоқларда турли ёт ғоялар таъсирида заҳарланишидан ва ёвуз кучлар томонидан эгаллаб олинишидан ҳимоя қилишга қаратилган партиянинг Ўзбекистон ёшларига мурожаати иштирокчиларга юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, ислоҳотлар жараёнларига ўз муносабатини билдириш, долзарб масалалар устида фикр юритиш, ечимини кутаётган муаммоларни ўртага ташлаш имкониятини яратди.
Форумда таъкидланганидек, аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий онгни янада юксалтириш, уларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларини билиш, уларга қатъий амал қилиш кўникмасини ҳамда замонавий ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, ёшларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини мунтазам равишда ошириб бориш ва жойларда маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш долзарб масаладир.

Бунда  тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда ёшларнинг истак ва хоҳишларини инобатга олиш, унда ҳар қандай зўрлик ва мажбурловлардан воз кечиш, ёшларнинг асосий қизиқиши ва фаолият доирасини ташкил этаётган турли хил соҳаларни тарбия жараёнида тўлиқ қамраб олиш, бунда, ахборотли технологиялар (оммавий ахборот воситалари – газета, журнал, радио, телевидение ва интернет) хизматидан фойдаланишни кенг йўлга қўйиш, миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирадиган интернет сайтлари, мултимедиа ва роликларни кўпайтиришдан иборат. Ёшлар онгига ижобий таъсир этувчи мусиқа ва кино санъатининг тарбиявий имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ахборот хуружлари кучайиб бораётган бугунги кунда огоҳ ва хушёрликни унутмайлик. 

Президентимиз таъкидлаганидек, “Ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда”. Бу борада эътиборсизлик ёки зарур чораларни кўрмаслик ёшларимиз тарбиясининг издан чиқишига, йиллар давомида тузатиб бўлмайдиган оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

 

Бобур МАМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+