Ёшларнинг имконият ва масъулиятини янада кучайтириш тарафдориман

10.06.2022 11:06:05

Ривожланиш тенденциялари жамиятнинг барча бўғинлари, қонун ва ислоҳотлар, инсонлар хоҳиш-истакларида намоён бўлади. Барча жабҳаларда ўзгаришлар, замонавий метод ва дунёқараш омиллари бўй кўрсатади. Ўтган йилларга назар солиб, мамлакатимиз ҳаётидаги туб бурилиш, янги соҳаларнинг кириб келиши, замонавийлашув ва ривожланишнинг муҳим мезони сифатида янги талабларнинг қўйилиши мисолларида буни кўриш мумкин. Жумладан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, «Инсон қадри учун» тамойили асосида адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш сиёсий аҳамият касб этди. Мазкур эзгу мақсадларнинг ҳуқуқий асоси бўлган Бош қомусимиз – Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёни эса келгусида мазкур эзгу мақсадларнинг янада аҳамиятини оширади.

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, унинг таркибига сиёсатчилар, депутатлар, сенаторлар, ҳуқуқшунослар ва яна бошқа соҳалардаги тажрибали мутахассислар киритилган. Конституциявий комиссия ўз фаолиятини «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган ғоя асосида олиб боради ва аҳоли томонидан билдирилган ҳар бир фикр-мулоҳазалар комиссиянинг таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан кўриб чиқилади.

Давлатимиз раҳбари 2021 йилнинг 7 декабрида Конституция куни муносабати билан йўллаган табригида бош қомусда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини конституциявий даражада акс эттириш каби ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди. Буни эшитганимда қалбим чексиз ғурурни туйган. Нафақат эътибор балки ўз куч ва имкониятларимизни тўла намоён этиш масъулияти берилаётганидан қувонгандим.

«Адолат» СДПдан сайланган депутатларнинг аксарияти ёшларни ташкил қилади. Ва уларнинг барчаси турли соҳаларда фаолият юритиб, ўзи сингари тенгдошларига кўмакдош бўлиб келмоқда. Энг муҳими, улар ҳаракат ва интилишда.

2020 йилда мамлакатимизда ташкил этилган «Ёшлар парламенти»га аъзо бўлганимда мен учун яна бир билимлар эшиги очилганди. Чунки парламент фаолияти ва қонун ижодкорлиги бўйича билимларимни ошириш ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, иқтидорлиларни аниқлаб, ўз мақсадлари сари дадил одимлашга кўмаклашиш, мотивация бериш сингари вазифалар зиммамга юклатилганди. Мазкур ишларни амалга ошириш давомида кўплаб қонун ҳужжатларини ўқиш, уларни таҳлил қилиш, ҳуқуқий ва сиёсий билимларимни оширишга тўғри келди. Назаримда, дунёқарашим кенгайди, салоҳиятим ошди. Ўз навбатида ёшларимиз зиммасига юклатилган масъулият, эътибор ва билдирилган ишонч уларни ўқишга, изланишга ундайди, шахс сифатида шакллантиради.
Шу ўринда юртбошимизнинг таклифини қўллаб-қувватлайман ва албатта, эртамиз эгаси бўлган ёшларнинг имконият ва масъулиятини янада кучайтириш тарафдориман. Аҳолининг 60 фоизини ташкил этувчи ёшларнинг билим олиш, ўз иқтидорларини намойиш этиш, илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқлари янада кенгайтирилиши ва айниқса, ижтимоий таъминотга муҳтож йигит-қизларга алоҳида урғу берилиши мақсадга мувофиқдир.

Абдуваҳоб ТАВАКАЛОВ,

Халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши депутати.

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+