Ёз бўлса-ю, қиш бўлмаса, ош бўлса-ю, иш бўлмаса

12.10.2022 23:10:53

Қашқадарёда икки йигит қалбаки 13,4 минг долларга Cobalt сотиб олгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. Икки шерикларга нисбатан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг” 176-моддаси 2-қисми “б ва в” бандлари ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.

Сўнгги вақтларда гувоҳи бўлаётганимиздек, фирибгарлик, товламачилик билан боғлиқ жиноятлар ортса ортаяптики, камаймаяпти. Қачон фирибгарлик кўпаяди? Қачонки, инсоф, диёнат, виждондан узоқлашган одам осон йўл билан бирданига мўмай пул топишга қизиқадиган ортиб, атрофида шунга йўл қўйиб берадиган содда, ишонувчан одамлар кўпайиб қолса...

Энг қизиғи, фирибгарлик ҳам кишидан қайсидир маънода меҳнатни, изланишни талаб қилади. Аммо уларнинг аксарияти ўз ақлини, салоҳияти ва билимини ноқонуний ишларга , ўзгаларнинг мулкини ноқонуний ўзлаштиришга қаратиши ачинарли. Оддий мисол, юқоридаги "қаҳрамон"ларимизга қалбаки пулларни ишлаб чиқариш учун ҳам ақлий ва моддий-техник ресурслар керак бўлган-ку. Шунга сарфлаган ақлини қонуний, ҳалол ишларга йўналтирганида, улар кўзлагандан-да кўпроқ фойдага эга бўлармиди? Ундан ҳам қизиғи, қалбаки пул ишлаб чиқаришга етган ақли жиноятлари жудаям қисқа фурсатларда фош бўлишига келганда ишламай қолганга ўхшайди.

Халқимизда дангасаларга нисбатан қўлланиладиган кесатиқ гап бор: Ёз бўлса-ю, қиш бўлмаса, ош бўлса-ю, иш бўлмаса. Ҳалол меҳнатдан қочадиганлар, фирибгарлар тарихда ҳам бўлган, келажакда ҳам бутунлай йўқ бўлиб кетмаслиги эҳтимоли катта. Замонавий ахборот технологиялари ривожланиб бораётган бугунги асрда фирибгарлик, товламачиликнинг турлари ва шакллари ортиб бораётганини ҳисобга олиб, мактабларимизда ёш авлодга "Фирибгарлик нима, ундан қандай қилиб ҳимояланиш мумкин"лигини ўргатувчи дарсларни ўтиш керак, назаримда.

Бу билан бирданига ҳамма муаммолар барҳам топмайди, лекин ҳар ҳолда ўсиб келаётган ёшларимизда фирибгарликка қарши иммунитет шаклланиб боришига кичик бўлса-да, қадам қўйиларди, деб ўйлайман.

 

Шухрат Полванов,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+