Ёзёвонлик депутатлар халқ дарди билан якдил

15.08.2022 11:08:37

Ёзёвон туманида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари – Улуғбек Абдуллаев, Баҳодир Юсупов, Адҳамжон Неъматжонов фаолият юритиб келади. Уларнинг ҳар бири туман равнақи, аҳоли манфаатларини кўзлаган ҳолда мутасадди ташкилотлар билан тизимли ишларни олиб боряпти. Айтиш мумкинки, ана шу ҳамкорлик, ўзаро келишувнинг мустаҳкамлиги аҳоли мурожаатлари ва муаммоларининг ижобий ва самарали ечим топишида муҳим ўрин тутмоқда.

Депутатлар фаолиятига назар ташланса, амалий натижалар кўпроқ фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда намоён бўлади. Аҳолини иш билан таъминлаш уларга зарур ускуналарнинг олиб берилиши, бандлигига кўмаклашиш ёки бошқа масалаларда депутатлар иштироки сезиларли.

фар3_4

Жумладан, туманнинг «Беруний» МФЙда яшовчи Зайнабхон Арапованинг мурожаатига асосан фуқаронинг шароити ўрганилиб, имтиёзли кредит асосида чорва қўйлар олиб берилди. Олтин замин кўчасида яшовчи Ҳамидахон Аҳмедовани мурожаатига кўра 4 сотих иссиқхона қуриб берилди ичига помидор ва лимон кўчатлари экилиб биринчи ҳосилдан 4-5 миллион сўм даромад олишига эришилди. Оқшом кўчасида яшовчи Фотимахон Бозорова эса депутатлар ёрдами билан кредит асосида тикув машиналари олиб, 4 та иш ўрни яратди. Оиланинг моддий аҳволи яхшиланишига эришилди.

фар2_17

­- Муқим иш ўрнига эга эмасдим, – дейди Беруний МФЙ Олтин замин кўчасида яшовчи Дилшод Мамажонов. – Мавсумий иш билан шуғулланиб, рўзғор тебратаман. Депутатларимиз шароитим билан танишиб, қўшимча даромад бўлиши учун имтиёзли кредит асосида 9 бош қўй олишимга ёрдам бердилар. Насиб бўлса, уларнинг сармояси хонадонимизга янада тўкинлик беради.

Халқ депутатлари Ёзёвон туман Кенгаши депутати A.Неъматжонов томонидан Олтин замин кўчасида яшовчи яна бир фуқаро Г.Султоновага паррандачиликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит асосида инкубатор олиб берилди. Мазкур МФЙнинг Дўстлик кўчасида яшовчи Д.Тошпўлатзода томорқасига имтиёзли кредит асосида қурилган 4,5 сотихлик иссиқхонага мавсумга хос сабзавот ва резаворларни экишни бошлаб юборди. Томорқа ишларига оиланинг 2 нафар ишсиз аъзоси ҳам жалб этилди ва бандлиги таъминланди.

­–­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ Асаларичилик соҳасига қизиқишим бор эди, аммо моддий имконият етарли эмасди, – дейди Г.Шерматова. –Депутат кўмаги билан имтиёзли кредит асосида 21 та асалари оиласига эга бўлдим.

Эрта баҳорда ободонлаштириш бошқармасига қарашли бўш турган жойда депутатлар боғ яратиш ташаббуси билан чиққандилар. Туман ҳокимлиги, кенг жамоатчилик томонидан ташаббус қўллаб-қувватланди. Манзарали дарахт кўчатлари экилди. Ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Амфитеатр жойи танланди. Бугунги кунда қурилиш, ободонлаштириш ишлари янада жадаллашган.

фар4_1

«Ёшлар боғи» мустақиллик объекти бўлиб, байрам арафасида фойдаланишга топширилади, – дейди Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Б.Юсупов. – Унда туманнинг70 йиллиги тантаналари, 31 нафар кичкинтойларнинг хатна тўйлари ўтказиш режалаштирилган. Энг муҳими аҳолининг маънавий ҳордиқ чиқариши учун йил давомида хизмат кўрсатади.

Депутатларнинг ҳудудларда аҳоли билан ҳамнафас, ҳамқадам бўлаётгани албатта, қувонарлидир. Бу ўринда ўзгалар дардига бепарво бўлмаслик, имкон қадар кўмаклашиш ва энг муҳими, эгаллаб турган вазифасининг имкониятларидан унумли фойдалана олиш эътиборли жиҳат. Бу жиҳат эса бугун кўплаб, жумладан ёзёвонлик депутатларнинг устувор хусусиятларидан бирига айланмоқда.

 

 “Адолат” СДП Фарғона вилоят  Кенгаши

Матбуот хизмати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+