Юрак-қон томир касалликларини даволаш бўйича муҳим йўналишлар белгиланди

11.11.2021 15:11:14

 

Мамлакатимизда ҳозирги вақтда деярли ҳар куни улкан янгилик ва ўзгаришлар содир бўлмоқда. Бу, ўз навбатида тараққиётимиз суръатлари нақадар тезлашиб, уларнинг натижадорлиги ортиб бораётганлигини кўрсатади. Энг муҳими, бундай кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар аниқ мақсадга – мамлакатимиз ривожини янги босқичга олиб чиқиш, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилгани бежиз эмас.

Изчил ислоҳотлар таъсири соғлиқни сақлаш тизимида юз бераётган ўзгаришларда ҳам номоён бўлмоқда. Бу соҳадаги кенг миқёсли ўзгаришлар босқичма-босқич ва изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.

Қолаверса, Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унда тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, одамларда ҳақли эътироз уйғотаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилмоқда. Шу йўналишда амалга оширилаётган дастурлар ижроси атрофлича кўриб чиқилмоқда. Шу билан биргаликда соҳага оид кўплаб қарор ва фармонлар имзоланмоқда.

Давлатимиз раҳбари  Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинди. Шу билан биргаликда, йиғилишда энг кўп тарқалган ва ўлимга сабаб бўлаётган касалликларни эрта аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирлари ўтказиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Дархақиқат, юрак-қон томир тизими касалликлари  жуда кўп ва хилма-хилдир. Бу касалликларнинг баъзилари (ревматизм, миокардит ва бошқалар) юракни, айримлари артерия (атеросклероз) ёки веналарни (масалан, тромбофлебит), бошқалари бутун юрак-қон томир тизимини шикастлайди (гипертония касаллиги).  Бу касалликлар дунё бўйича ҳозирги кунга қадар ногиронлик ва ўлимнинг асосий сабаби эканлигича қолмоқ­да.

Шу боис, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Унга кўра, келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали йилига камида бир марта манзилли скринингдан ўтказилиши, туман лабораториялари коагулометр ва зарур реактивлар билан таъминланиши, юрак-қон томир касаллиги аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри юритилиши, эҳтиёжманд аҳолига дорилар бепул тарқатилиши ҳамда оилавий шифокорлар ва ҳамшираларни юрак касалликларини эрта аниқлаш ҳамда даволаш бўйича қўшимча ўқитиш муҳимлигини таъкидланди.

Бу мақсадлар учун келгуси йилда ҳар бир туманга 350 миллион сўмдан, жами 70 миллиард сўм ажратилиши мўлжалланган. Умуман, бирламчи бўғинга дори ва тиббий буюмлар учун 580 миллиард сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Бу жорий йилги харажатлардан 3 баробар кўплиги аҳамиятлидир.

Ориф ШУКУРОВ,

“Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+