Юрт кeлажаги ватанпарвар ёшлар қўлида

06.01.2022 09:01:57

Мамлакатимизда улғайиб келаётган ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, мустақил ҳаётга ишончли қадамлар қўйиши учун барча зарур шароитларни яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган 2021 йил - «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгиланган қатор муҳим вазифаларнинг самарали ижро этилишига эришилди.

Хабарингиз бор, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси юзасидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар таҳлил қилинганида фуқароларимизда ёшлар ҳаётига оид ислоҳотларга алоҳида қизиқиш ва дахлдорлик ҳисси юқори экани намоён бўлди.

Мазкур лойиҳанинг 96 та бандига кўра, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлиги ва реал даромадларини ошириш, ҳимояга муҳтож шахсларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси давлатимиз томонидан амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирларга ҳамнафас ҳолда ўз сайловолди Дастурида, ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта шакллантириш, ёшларнинг энг долзарб муаммоларини фаол ва самарали ечиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ёшлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари томонидан ёшлар билан очиқ ва доимий мулоқотни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш каби мақсадларни амалга ошириб келмоқда.

Сир эмас, ёшларининг ўй-фикрлари, хоҳиш ва истаклари, уларни қийнаб келаётган муаммоларини кўпроқ ўз тенгдошлари хабардор бўладилар. Шу боис, партия томонидан ташкил этилган «Ёш адолатчи»лар гуруҳи ёшлар масалаларига оид чора-тадбирларни самарали бажаришда ўзига хос ўринга эга.

Партиямизнинг ёш аъзолари бугун аҳолининг барча қатламлари орасига кириб бориб, дастурий ғоя ва мақсадларни фуқароларимиз, айниқса ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда муҳим поғона ролини бажармоқдалар.

Куни кеча тизимдаги энг фаол ёш адолатчилар саралаб олинди.

«Адолат» СДП томонидан 2021 йил якуни бўйича партия тизимида фаоллик кўрсатган, ташаббускор ёшларни аниқлаш мақсадида «Йилнинг энг фаол ёш адолатчиси» номинацияси бўйича ўтказилган сўровномада партиянинг Тошкент вилоят Кенгашининг фаол аъзоси, Тошкент вилояти «Ёш адолатчилар» қаноти раиси Сардор Дастиров ғолиб бўлди ва партия Сиёсий Кенгашининг дипломи билан тақдирланди.
Бугунги кунда ҳам Сардор Дастиров партия ташаббуси билан ўтказилаётган қатор муҳим тадбирларда фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Хусусан, Тошкент вилоятидаги 50 дан ортиқ оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, Чирчиқ шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг таъмирлаш, Чирчиқ шаҳридаги қатор маҳаллаларда 6 та замонавий болалар майдончаларини ташкил қилиш, Қизил Ярим Ой жамияти Чирчиқ шаҳар бўлими ва «Ёш адолатчилар» қаноти Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан «Спорт ҳамма учун!» шиори остида парақиличбозлик тури бўйича мусобақани ўтказиш, Чирчиқ шаҳридаги қабристонлар фаолиятини ўрганиш ва янги қабристонларга ер ажратиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш, Тошкент вилоятининг 2003-2005 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида белбоғли кураш полвонларини Жиззах вилоятидаги жаҳон чемпионатидаги иштирокини таъминлаш, Ногиронлар ҳолидан  хабар олиш, вояга етмаганлар ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар комиссияси иштирокида  назоратда турган болалар билан учрашувлар, экскурсиялар ташкил қилиш, шунингдек, декабрь ойида донорлар куни муносабати билан партия аъзолари ўртасида ташкил этилган «Бор меҳримиз сенга болажон!» акциясида ташкилий гуруҳ сафида ҳам назорат ҳам ташкилий ишларга бош-қош бўлиш шулар жумласидандир.

С.Дастиров ўз фаолияти давомида, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, спортга ошно қилиш, ўғил-қизларимиз орасида турли спорт мусобақаларини ўтказишда доим ташаббускор. 2021 йилнинг ўзида партиянинг Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан бир қатор спорт мусобақалари юқори савияда ташкил этилиб, уларнинг аксариятида Сардор Дастиров ташкилий гуруҳ раҳбари сифатида фаол хизмат қилди.

Жонкуяр ёш адолатчимиз тенгдошларининг орзу-мақсадларига ҳамнафас, муаммо ва мурожаатларни ҳар вақт қулоқ тутиб, ижобий ҳал этишга интилади.

Фаол, интилувчан ва масъулиятли Сардор ёш бўлишига қарамай, бугунги кунда нафақат партиядошлари, балки Тошкент вилоятида ҳам кўпчилик орасида ҳурмат ва ишонч қозониб келмоқда.

Биз Сардор Дастировни ғалаба билан самимий муборакбод этамиз ва келгуси фаолиятида фақат муваффақият ва улкан зафарлар тилаймиз!


«Адолат» СДП Тошкент вилоят Кенгаши

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+