Юртимиз бунёдкорликлар қўйнида яшнамоқда

31.05.2021 16:05:03

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари авж олди. Сабаби Президентимиз юртимиздаги қайси бир шаҳар ёки туманларига ташрифи чоғида биринчи бўлиб шу жойларнинг қурилиш ишлари билан яқиндан танишиб, ўзининг зарурий кўрсатмаларини беради. Бугунги кунда ушбу топшириқлари асосида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг ҳам натижалари билан танишиб бормоқда. Яқинда, яъни жорий йилнинг 28 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилиш танқидий руҳда ўтканлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Йиғилишда мамлакатимизда шаҳар ва қишлоқларни янгилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича кенг кўламли ва манзилли ишлар амалга оширилаётганлиги айтиб ўтилди. Сўнгги уч йилда умумий майдони 41 миллион квадрат метр бўлган 155 мингта хонадон фойдаланишга топширилди. Кўп квартирали уй-жойлар сони 2 бараварга оширилганлиги таъкидланди. Ҳақиқатдан ҳам бу бунёдкорлик ишларни юртимизнинг ҳар бир гўшасида кўришимиз мумкин.

Янги уйлар, замонавий массивлар кўпайиши билан уларга хизмат кўрсатишнинг долзарблиги ортиб бормоқда. Аммо бу бўйича ўтказилган сўровларда кўп қаватли уйларда яшовчи 35 фоиз аҳоли кўрсатилаётган хизматлардан норози экани, 65 фоизи ширкатлар ишини амалда сезмаётганини айтилди.

Бунга сабаб этиб кўп ширкатларнинг ўзи молиявий оғир аҳволда. Яхши хизмат кўрсатиб, одамлар ишончини қозонолмаяпганлиги, имтиёзлар берилганига қарамай, кредитлар вақтида сўндирилмаяпганлиги кўрсатилди.

Шу билан бирга, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида маблағларни самарасиз ишлатиш, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари жуда кўплиги ва охирги 2 йилда соҳанинг 100 га яқин мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлар содир этгани учун жавобгарликка тортилганлиги ачинарли ҳол эканлиги айтилди.

Бундан сўнг, йиғилишда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш ва уй-жой фондини янгилаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Вилоят марказлари, шунингдек, Нукус, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида айрим мавзеларни, тажриба тариқасида, малакали бошқарув-сервис компанияларига бериш зарурлиги таъкидланди.

Янги қурилган 3 мингта кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилиб, улар учун бошқарув компаниялари ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида уйларни таъмирлашни молиялаштириш бўйича махсус жамғарма ташкил этилиши белгиланди. Унинг маблағлари тенг улушларда республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан шакллантирилади. Жорий йилда шу тарзда жами 220 миллиард сўм ажратилиши, қолган 100 миллиард сўмга аҳоли маблағлари жалб қилиниши қайд этилди. Шундай қилиб, кўп қаватли уйларни таъмирлаш харажатларининг 30 фоизи мулкдорлар томонидан, қолган 70 фоизи эса жамғарма маблағларидан амалга оширилади.

Йиғилишда иссиқлиқ тизимини модернизация қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил якунига қадар 56 та қозонхона қуриш ва реконструкция қилиш, 205 километр тармоқларни таъмирлаш орқали 2 мингдан зиёд кўп қаватли уйларни марказий иссиқлик тармоғига улаш чоралари белгиланди. Турар жойларни замонавий иссиқлик таъминотига ўтказиш, бунга хусусий секторни кенг жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Осиё тараққиёт банкининг 50 миллион доллар кредити ҳисобидан аҳоли зич, уй-жойга талаб юқори бўлган туманларда камида 3 мингта хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши қайд этилди. Уй-жойнинг бошланғич бадали учун субсидия тўлаш тартибини соддалаштириш ҳамда муддатини қисқартириш бўйича кўрсатма берилди. Ҳудудларни обод қилиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича бажарилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Президентимиз бу борадаги ишлар ижросини танқид қилиб, мутасаддиларга қолоқликни бартараф этиш ва лойиҳаларни сифатли бажариш бўйича кўрсатмалар берди.

Умуман, мамлакатимизда қурилиш, бунёдкорлик соҳасида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда, яъни барча туманларнинг марказлари, қишлоқларда гўзал иншоотлар, кўркам уй-жойлар қад ростламоқда. Қаерда қурилиш, бунёдкорлик ишлари мавжуд бўлса, ўша жойда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам амалга ошмоқда. Одамларнинг қалбида янгича яшаш, гўзал турмуш кечириш иштиёқи уйғонмоқда. Шаҳарлардаги янги даҳалар, мавзеларда, қишлоқлардаги посёлкаларда аҳолига қулайлик туғдириш мақсадида маиший хизмат кўрсатиш уйлари, савдо шохобчалари барпо этилмоқда. Гулзорлар, хиёбонлар, дам олиш масканлари ишга туширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз бунёдкорликлар қўйнида яшнамоқда.

 

Султан КАМАЛОВ,

Халқ депутатлари

Нукус шаҳар Кенгаши депутати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+