Юртимиз “яшил макон”га айланади

10.11.2021 15:11:34

Қадимий таомилга кўра ҳар йили баҳор ва кузда халқимиз яхши ният билан кўчат экади. Айни кунларда ҳам Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан бошланган кўкаламзорлаштириш ойлиги давом этмоқда. Биргина Наманган вилоятида қисқа давр мобайнида 15 миллион дона кўчат ўтқазиш режалаштирилган. Шу мақсадда зарбдор қирқ кунлик ҳам эълон қилинган.

– Юртимизни “яшил макон”га айлантириш борасида партиядошларимиз ҳам астойдил меҳнат қилмоқдалар, дейди “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев. – Сафдошларимиз боғ-роғларнинг аҳамияти ҳақидаги тарғибот ишлари билан чекланиб қолаётганликлари йўқ. Уларнинг ўзлари ҳам мевали ва манзарали кўчатлар экишда бошқаларга ўрнак кўрсатмоқдалар. Айниқса, депутатларимиз, фаолларимизнинг ғайратига ҳавас қилса арзийди.

Куни кеча Тўрақўрғонда бўлишга тўғри келди. Мазкур туман аҳли кўчат экиш мавсумида вилоятда пешқадамлар сафида бормоқда. Барча маҳаллаларда экологик мусаффоликни сақлаш, кўча ва хиёбонларни обод қилиш мақсадида бошланган ҳаракат қизғин давом этмоқда. Барча худудлардаги манзарали ва мевали кўчатлар, гуллар миқдори кун сайин ортмоқда. турлари билан бойимоқда. Айниқса, туманни Наманган шаҳри ва қўшни туманлар билан боғловчи  йўл бўйларига катта эътибор қаратиляпти. Бир кунда 1000 туп япон сафороси ўтқазилди. Ўзининг ноёблиги билан ном қозонган ушбу дарахт чиройли кўринишга эга, “кислород фабрикаси” сифатида ҳам машҳур.

Туман халқ таълими бўлимига қарашли 58 та умумтаълим мактаблари жамоалари ҳам зарбдор 40 кунликда фаол иштирок этишяпти. 2587 туп мевали кўчат, 3560 туп терак, минг тупдан ортиқ турли манзарали дарахтлар, 6500 туп терак қаламчаси ва бошқа кўчатлар экиш режалаштирилган.

“Обод қишлоқ” дастурига тушган ва салкам 3 миллиард сўм маблағ эвазига бутунлай янгича қиёфа акс этган 22-умумтаълим мактабижа шу муносабат билан катта ҳашар бўлиб ўтди. Унда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Ҳар бир киши ўзи билан бир нечта тупдан кўчат олиб келди. Улар байрамона кайфиятда мактаб ҳовлисига ва унинг атрофидаги ҳудудларга экилди.

Қилинаётган меҳнат тез орада ўз самарасини беради. Кўчат экишда қатнашаётган ҳар бир киши бунга қатъий ишонади. Ўлкамизни янги боғ-роғлар, яшил ҳудудлар қоплашига шак-шубҳа йўқ.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+