Ютуқлар кўп, камчиликлар ҳам оз эмас

19.05.2022 18:05:34

Қашқадарё технологик транспорт  очиқ ҳиссадорлик жамияти  тадбиргоҳида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгашининг иштирокида 11  Пленуми бўлиб ўтди. Унда халқ  депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги  депутатлик гуруҳи аъзолари, фаоллар, туман Кенгашлари раислари, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари вакиллари, партия фахрийлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари  қатнашди.

Пленум кун тартибидаги “Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва “Тараққиёт стратегияси”дан келиб чиқадиган 2022 йилдаги устувор вазифалари тўғрисида” партия вилоят Кенгаши  раиси Руиддин Раупов маъруза қилди.

-Вилоят Кенгаши ўз фаолиятини  партиямизнинг Устави ва Сайловолди дастурида илгари сурилган вазифаларга  мос ҳолда ташкил этди,-деди Руиддин Раупов,-2021 йил давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари томонидан 400 дан ортиқ турли мавзуда тадбирлар ўтказилиб, жами 80 минг нафарга яқин иштирокчи қамраб олинди. Партия ташкилотларида интизомни мустаҳкамлашга, белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилиши, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишга  етарли эътибор берилгани  туфайли  партия аъзолари сони аввалги йилга нисбатан 20 фоизга ўсиб, 46 минг нафардан ошди. БПТлар сони ҳам 419  тани ташкил этди.

Маърузачи қайд этганидек, ўтган йил биргина партиянинг  “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида  900  дан ортиқ  учрашув, тадбирлар ўтказилган. Бугунги кунда фақат халқ  иродаси, одамларнинг ўтказилаётган  ислоҳотларга  фаол муносабати орқалигина янги Ўзбекистонни барпо этиш соҳасидаги мақсад ва вазифаларни  руёбга чиқариш мумкин. Албатта шу нарсанинг ўзи партия фаолларидан масъулликни оширишни тақозо этмоқда.

Анжуманда “Адолат” СДП вилоят Кенгаши партиянинг Сайловолди дастуридаги ижтимоий вазифалар, демократик ҳуқуқий давлат, кучли адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, маънавий  жипслашган жамиятни  шакллантириш жараёнларида ўз ролини янада кучайтиришни асосий вазифа этиб қўйганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Пленумда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳларининг 2021 йилдаги фаолияти таҳлили ва 2022 йилдаги  вазифалари, партиянинг 2021 йилги  Устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари  ва бюджетдан ташқари маблағларининг ижроси ҳамда 2022 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари бўйича ахбороти тўғрисидаги маърузалар ҳам тингланди.

Пленум таҳлилий руҳда ўтгани боис, ютуқлар билан бирга фаолиятда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам тилга олиб ўтилди.

Анжуманда аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ижобий ҳал этиш, тарғибот тадбирлари кўламини кенгайтириш, аъзолик бадал тўлови режаларини уддалаш, ҳамкор ташкилотлар билан алоқани янада мустаҳкамлаш, туман, шаҳар ташкилотларида партиявий фаолиятни янада кучайтириш зарурлиги уқтирилди.

Пленумда муҳокама қилинган масалалар, билдирилган фикр мулоҳазалардан келиб чиққан холда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят  Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+