Юзлаб аёлларга кўмак бераётган депутат

10.11.2022 12:11:36

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Дилоромхон Меҳмонова вилоят Кенгашининг хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссияси раиси. Депутат белгиланган вазифалардан унумли фойдаланган ҳолда юзлаб хотин-қизларга кўмак бериб келмоқда. Жумладан, у томонидан тузилган ишчи гуруҳ Қувасой шаҳрида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, эрта никоҳ ва ажримларнинг олдини олиш борасида ўрганиш ишларини олиб борди.

Ишчи гуруҳ Арсиф, Қалача ва Янгиобод маҳалларида «хонадонбай» ишлаш орқали 300 дан ортиқ оилалардаги маънавий муҳит, ижтимоий ҳолат ва шароити билан танишди. Ўрганишлар давомида ажрим ёқасидаги 6 нафар, оилавий жанжал қилишга мойиллиги бўлган низоли-нотинч оилалар рўйхатига киритилган 4 нафар оилалар муаммоларининг ечими бўйича масъулларга тавсиялар берилди ҳамда бартараф этилди. Шунингдек, ҳудуддаги 18-, 17-, ва 23-умумтаълим мактабларида «мактаб-маҳалла-оила» ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг давоматини яхшилаш, фарзандлар тарбиясига барча бирдек масъуллигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Арсиф маҳалласи ҳудудидаги қишлоқ врачлик пункти врач-шифокорлари кўчабошилар билан ҳамкорликда «Соғлом оила – соғлом жамият» шиори остида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, турли касалликларни эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар келишиб олинди.

Шунингдек, депутатнинг Қувасой шаҳрида сайёр қабули ўтказилди. Қабул давомида «Арсиф», «Қалъача», «Янгиобод», «П.Валик», «Ю.Валик», «Найман», «Бўстон» МФЙ аҳолиси мурожаатлари тингланди. Мурожаатлар асосан субсидия, ишга жойлашиш, уй-жой, моддий ёрдам, йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, электр таъминоти ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритишга оид масалалардан иборат бўлди. Депутат мурожаатларни тегишли ташкилот раҳбарлари иштирокида кўриб чиқди.

Хусусан, қабул давомида келиб тушган 11 га яқин мурожаатларнинг 9 таси жойида ҳал этилди ва 3 таси назоратга олинди.Мурожаатлар ижобий ҳал этилиши юзасидан масъул ташкилот ва корхона вакилларига тавсиялар берилди.

«Дўстлик», «Намуна», «Қўчқорчи», «Суфон», «Пакана», «Лашкар» МФЙ депутатлари билан ҳамкорликда ўтказилган сайёр қабулда ҳам бандлик, уй-жой, моддий ёрдам, йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритишга оид 23 та мурожаатлар тегишли ташкилот раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилди. Уларнинг 18 таси жойида ҳал этилиб, 5 таси назоратга олинди.

– Ҳудуд кесимида аҳолини қийнаб келаётган кўплаб масалаларни кўрдик, – дейди депутат. – Фуқаронинг шахсий ҳаётига, маҳалласига оид муаммоларни ижобий ҳал қилиш мақсадида депутатлар, ташкилот ва корхоналарнинг мутасадди раҳбарлари билан ҳамфикр бўлдик. Энг муҳими, ўзаро бирдам бўлиб ҳаракат қилсак, ҳудуд муаммолари ўз ўрнида ҳал бўлади.

Депутат фаолияти давомида тадбиркор аёллар, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларни ўзининг ҳуқуқий тавсиялари, амалий кўмаги билан қўллаб-қувватлаб келмоқда. Дилором Меҳмонованинг илмий қарашлари, изланишлари эртамиз эгалари учун жуда аҳамиятлидир. Қолаверса, ўзи ҳам тадбиркор аёл сифатида «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлашда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Айниқса, партиянинг «Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи» лойиҳаси доирасида вилоят миқёсида амалга ошираётган ибратли ишлари алоҳида таҳсинга лойиқдир.

«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+