Замонамиз қаҳрамонлари сафида

31.03.2021 18:03:24

Одами эрсанг, демагил одами Оники, йўқ халқ ғамидин ғами. Буюк мутафаккиримиз А.Навоий таъкидлаганидек, инсоннинг инсонийлиги унинг халқи учун қанчалик ғамхўрлиги билан ўлчанади. Муборак динимизда ҳам инсонларни саховатли ва меҳр-оқибатли, фидойи ва жонкуяр бўлишга чақирувчи кўплаб кўрсатмалар бор. “Мўминларнинг энг яхшиси бошқаларга кўпроқ фойдаси тегадиганидир”, дейилади ҳадисда. Юртдошларимиз орасида бундай инсонларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Кексаларимиз дуога қўл очар экан: “Тинчлик-хотиржамлик, соғлик-саломатлик бўлсин”,- деб ният қилишади. Инсон учун энг керакли бўлган хотиржам ҳаётимизни таъминлаб берувчи, чегараларимизни мустаҳкам қўриқловчи, осойишталигимизни таъминлаб берувчи ҳарбийларимиз ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидир. Улар бу шарафли соҳани танлар экан, ўз манфаатини эмас, ватани, халқи манфаатини биринчи ўринга қўяди. Ватани учун фидойи бўлишга қасамёд қилади. Уларни заҳматли меҳнати туфайли биз кўчаларда эркин юрамиз, фарзандларимиз боғча ва мактабларга қатнайди. Тўй-томашалар қиламиз. Уларни баралла замонамиз қаҳрамонлари деб атасак бўлади.

Орамизда шундай соҳа кишилари борки, уларни ҳақли равишда  саломатлик посбонлари деймиз. Айниқса, ўтган 2020 йил бутун инсоният шу жумладан, бизнинг халқимиз учун ҳам синовларга бой йил бўлди. Бу йил инсон учун саломатлик олий неъмат эканини барчага теран англатди. Маҳалладошлар, тўй-томошоларда катталар билан суҳбатда кўп бор тилга олинган миннатдорчилик тилаклари эътиборимни тортди.

COVID 19 пандемияси юртимизда кенг тарқалган бир вақтда базнинг навбаҳорлик юртдошларимиз ҳам бундан қаттиқ азият чекиб,  яшаш учун курашганлари ҳам талайгина. Уларнинг ҳаётларини сақлаб қолишда Навбаҳор туманидаги тиббиёт ходимларининг фидокорона хизматлари таҳсинга лойиқ. Улар бу йўлда ўзларининг жонларини хатарга қўйиб пандемияга қарши юзма-юз кураш олиб борди. Натижада касбдошларимизнинг аксарияти бу касалликни бошдан кечиришига тўғри келди. Соғайганлари эса қайтадан хизматга киришиб, фаолиятларини давом эттиришди.

Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Терапия бўлимида кўп йиллардан бери самарали меҳнат қилиб келаётган Шоира Марипова, Дилдора Бекназарова, Гавҳар Қодирова ва Азиза Қувонова каби ҳамширалар... Бу рўйхатни яна кўп давом эттириш мумкин.

Поликлиникада фаолият юритиб келаётган Ҳамроев, Саъдуллаев, Муҳаммадиева, Рашидов, Нурназарова каби шифокорлар инсонлар дардига фақат дори-дармон билан эмас, балки ўзларининг ширин сўзлари билан малҳам бўлмоқда. Бу соҳа кишиларини мен том маънода замонамиз қаҳрамонлари сафида деб биламан. Бахтимизга соғ ва омон бўлинг, азиз фидойилар!

 

Камола МУҲАММАДИЕВА,

Навбаҳор туман тиббиёт

бирлашмаси болалар шифокори,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+