Заркентлик ёшлар намунаси

20.06.2022 11:06:26

Кўнгли ўксикларга меҳр-мурувват кўрсатиш, қалбларига қувонч улашиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Айниқса, ҳозирги таҳликали замонда инсонийликнинг олий фазилат эканлигини ҳамма тушунади. Коронавирус пандемияси даврини эслайлик. Бу юқумли касаллик одамлар ҳаётига беаёв хавф солган пайтда юртимизда меҳр-саховат тадбирлари кенг кўлам касб этгани ҳаммамизнинг ёдимизда. Бундай эзгу ишларда “Адолат” СДП аъзолари ҳам намуна кўрсатганликлари диққатга сазовордир.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳозир ҳам ватандошларимиз орасида хайр-саховат кўрсатишга интилиш ҳеч сусайгани йўқ. Яқинда хизмат вазифаси тақозоси билан Заркент қишлоғида бўлишга тўғри келди. Ўнғор тоғи этакларида жойлашган бу манзилда бир ибратли воқеани айтиб беришди. Шуни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман. Гап маҳаллий ёшларнинг бир ўринли ташаббуси ҳақида.

наманган2_2

Аввал ҳам бу йигитлар  футбол бўйича  мусобақада ғолиб сифатида қўлга киритган совғаларини жисмоний нуқсонлари бор тенгдошларига туҳфа этиб, барчага ибрат бўлган эдилар. Яқинда яна бир шундай биринчилик ўтказилди. Унда ҳам бош соврин эгасига айланган ҳаваскор спортчилар  ўз анъаналарига содиқ қолдилар.   Тақдим этилган совғалар яна имкониятлари чекланган футбол ишқибозларига топширилди.

Бундай рағбатга муносиб кўрилганлардан бири - Диёрбек Сотиболдиев  Унинг ёши ўн бешда. Футбол ўйнаб, мириқиб тўп тепиш орзуси бор эди. Бироқ, бир оёғининг носоғломлиги бунга имкон бермасди. Аммо спортнинг ҳақиқий мухлиси. Мусобақаларни мириқиб томоша қилади ва бундан чексиз завқ олади.  Саховатпеша ёшлар унга ғолиблик нашидасини суриш имконини бердилар.

Қачонлардир соғлом бўлган йигирма саккиз ёшли Шохруҳмирзо Октябров бугун ногиронлик аравачасида.

- Болалигида биз билан тўп тепиб юрарди. Футбол бўйича мусобақаларда ғолиб бўлиш орзуси бор эди унинг, - дейди “Заркент” МФЙ ёшлар етакчиси Зарифжон Акмалов. – Тенгдошлари унга шундай имконият яратиб беришди. У ғолиблар каби соврин эгаси бўлганидан бениҳоя хурсанд.                                              

Раҳимжон ТОШМАТОВ

“Адолат” СДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+