Жаҳон чемпионларининг қўлқопларини андижонлик партиядошларимиз тикмоқда

30.07.2022 09:07:36

Балиқчилик тадбиркор Ашурали Аҳмедов раҳбарлигидаги “Mini-teks” масъулияти чекланган жамиятида спорт буюмлари ишлаб чиқаришда катта мактаб яратилган. Бу ерда тайёрланган футбол ва волейбол тўплар, бокс қўлқоплари, қўйингки ҳар бир маҳсулот харидоргир. Корхонада ишловчиларнинг 10 нафари «Адолат» СДП аъзоси.

— Болаларимизга тўп сотиб олганимизда уларнинг қувончига шерик бўлибмизу, қандай тайёрланишини ўйлаб кўрмаган эканмиз. Саккиз йилдирки, “Mini-teks” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб келяпман. Ҳар гал коптоклар тайёрлаётганимизда болаларча шукуҳни, завқни ҳис қиламан. Нафақат кичкинтойлар, балки, ота-оналарга ҳам қувонч улашаётганимиздан хурсанд бўламан, — дейди корхона ишчиси Мадинахон Эгамбердиева.

Мазкур корхона 2007 йилда ташкил қилинган бўлиб, асосан спорт анжомлари ва буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу борада ҳамкорларини ҳам топди ва ҳатто экспорт қила бошлади. Кундан-кунга талаб­лар орта бошлади, ривожлантириш учун қўшимча маблағ зарур бўлди.

“Hamkorbank” АТБнинг Чинобод филиалидан олинган кредитлар эвазига хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий техник жиҳозлар келтирилди. Иш қуролларининг созлиги ишлаб чиқариш ҳажмини оширди. Яна банкдан молиявий кўмак олинди. Бу бир неча бор такрорланди. Иш унумдорлиги ортди. Янги иш ўринлари яратилди. Изланиш ва тинимсиз меҳнат билан муваффақиятларга эришилди.

— Юртимизни дунёга танитаётган боксчиларимиз айнан биз ишлаб чиқараётган қўлқоплардан фойдаланади. Уларнинг ғалабасида ҳиссамиз борлигидан қувонаман. Спорт анжомларини тайёрлаш осон эмас. Биргина коптокнинг ўзи беш босқичда тайёрланади. Жараённинг масъулияти ва машаққати ҳам шунга яраша, —дейди тажрибали ишчи Салима Исмонова.

Айни пайтда тадбиркор Ашурали акага ўғли Жалолиддин Аҳмедов кўмакчи. У иқтисод йўналишида таҳсил олгани боис корхонада иш бошқарувчи. Ёш, изланувчан бу тадбиркорнинг режалари катта. 60 дан ортиқ ишчига бошчилик қилади. Балиқчининг Хўжаобод қишлоғида яшовчи хотин-қизлар ундан мамнун.

Маҳаллий бозорда спорт маҳсулотларига бўлган эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Оилавий тадбиркорлар маслаҳатлашиб, МЧЖ тармоғини кенгайтиришга киришдилар. 2015 ва 2017 йилларда “Magna sport” ҳамда “Ratex” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилди. Мақсад қўшимча иш ўринлари яратиб, қишлоқ аёлларини иш билан таъминлаш ва уларнинг фаровон турмушларига ўз ҳиссаларини қўшишдир. Шундай ҳам бўлди.

— Бу 2 корхона “Mini-teks” нинг 2 қўли. Бичиш, бўяш ишлари шу ерда бажарилади. Тикиш, қадоқлаш учун қулай жой. Сифатга эътибор катта. Дастлабки йилларда маҳсулотларимизни чет давлатларига ҳам экспорт қилгандик. Ҳозирги кунда бунга эҳтиёж йўқ. Ички бозорда доимий харидорларимиз бор, —дейди Жалолиддин Аҳмедов.

“Mini-teks” МЧЖнинг йиллик айланма маблағи 10 миллиарддан ошди. “Magna sport” ҳамда “Ratex«ни қўшадиган бўлсак, 300 мингтадан ортиқ 30 турдаги спорт маҳсулотлари сотуви йўлга қўйилган. Айланма маблағ ҳам 40 миллиардга яқин.

—Энг намунали мижозларимиздан бўлган бу 3 корхонанинг ривожи ва аҳоли бандлигини таъминлашда ҳиссамиз борлигидан хурсандмиз. Зеро биз банк ходимларининг мақсади Ватанимизнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва ривожлантириш, тадбиркорларга ёрдам бериш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, — дейди банкнинг Чинобод филиали корпоратив хизматлар бўлими кредит мутахассиси Бобомурод Маҳмудов.

Ҳар бир инсон ҳалол, пешона тери билан даромад топиб, шу орқали оила фаровонлигини, дастурхон тўкинлигини таъминлаш, элу юртга наф келтириш ҳамда жамиятда муносиб ўринга эга бўлишга интилади. Бу балиқчилик тадбиркор Ашурали Аҳмедовга ҳам хос. Муваффақиятга меҳнат билан эришилади! Бу унинг доимий шиори.

Нилуфар Йўлдошева,

Андижон.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+