Жамият – ислоҳотлар ташаббускори  

29.10.2021 11:10:55

 

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси[1] ўтган вақт давомида мамлакатнинг ўзига хос истиқболи йўлидаги янгиланиш жараёнларини белгилаб берди.

Айниқса, бу жараёнлар аҳолини қийнаётган ва мамлакат ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотларда яққол намоён бўлди. Хусусан, сўнгги беш йилда давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган туб ислоҳотлар «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» концепцияси доирасида тизимли тарзда амалга оширилмоқда.

Хусусан, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришда халқ ҳокимиятчилиги механизмларини кучайтириш, давлат ҳокимияти тармоқлари мустақиллигини таъминлаш ва парламентнинг ролини янада ошириш борасида қилинган ишлар шулар жумласидандир. Шуни таъкидлаш жоизки, илк бор давлат ва жамиятни барқарор ривожлантиришни стратегик жиҳатдан самарали режалаштиришни таъминловчи муҳим сиёсий жараён сифатида Давлат раҳбари томонидан парламентга Мурожаатнома йўллаш институти жорий этилди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизими тубдан ислоҳ қилиниб, улар фаолияти самарадорлигини ошириш, давлат томонидан тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини жорий этиш, давлат органларида соҳага оид бўлмаган вазифаларни қисқартириш, улар фаолиятига рақамли технологияларни кенг татбиқ қилиш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.

Давлат функцияларини амалга оширишга хусусий секторни жалб қилиш бўйича жорий этилаётган ислоҳотлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, 2017 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасида давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг 6 та устувор йўналиши белгиланди ва махсус «Йўл харитаси» асосида 100 дан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш белгиланди. Маҳаллий ҳокимликларнинг моддий-техник таъминоти ва уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизими қайта кўриб чиқилиб, маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва уларни бошқариш бўйича маҳаллий органларнинг мустақиллигини амалда таъминлашга эришилди.

Шунингдек, 2017 йилда тегишли соҳаларда тўпланиб қолган муаммоларни самарали ҳал этиш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Мактабгача таълим ҳамда Ташқи савдо вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Ҳукумат аппарати ижро этувчи тузилмаси қайта кўриб чиқилди ва такомиллаштирилди. 18 та вазирлик ва идоранинг функция ҳамда вазифалари такомиллаштирилиб, 24 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар қайта ташкил этилган бўлса, 2018 йилда давлат бошқарувининг 93 та органи ислоҳ қилинди, 77 та вазирлик ва идора қайта ташкил этилди, 7 таси тугатилди, 9 таси янгидан ташкил этилди.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилиниб, уларга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси фаолияти самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишлари белгиланди. Бош вазир ўринбосарларининг бир вақтнинг ўзида акциядорлик жамияти ва компаниялари ҳамда давлат улуши мавжуд бошқа ташкилотларга раҳбарлик қилиш амалиёти бекор қилинди ҳамда уларнинг сони оптималлаштирилди.

Бошқарув тизимидаги маъмурий ислоҳотлар сабаб, 2016 йилда туман (шаҳар)лар сони 193 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 207 тага етди. Бугунги кунда, Вазирлар Маҳкамаси тизимида 24 та вазирлик, 9 та давлат қўмитаси, 4 та давлат инспекцияси, 14 та агентлик, 5 та қўмита, 6 та марказ, 2 та марказий муассаса, 4 та инспекция, 9 та уюшма, 10 та банк, 23 та компания, 6 та бирлашма, 1 та фонд ва 10 дан ортиқ бошқа ташкилотлар мавжуд бўлиб, уларнинг таркибий тузилмаларида 100 дан ортиқ ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда.

Соҳада амалга оширилган туб ислоҳотларнинг яна бири, бу 2017 йил 12 декабрда Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилганлигидир[2]. Ҳар бир туманда, мамлакат бўйича жами 205 та Давлат хизматлари маркази[3], олис ҳудудларда уларнинг 100 дан ортиқ филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Шу билан бирга, 157 турдаги давлат хизматларини яшаш жойидан қатъи назар, экстерриториал тамойил асосида олиш имконияти яратилиб, фуқаролар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сони ва хизмат кўрсатилиши учун талаб этиладиган муддат сезиларли даражада қисқартирилди, сифат ва самарадорлик оширилди[4].

Хусусан, 2017 йилда тадбиркорларга 120 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат хизматлари кўрсатиш бўйича 26 млндан ортиқ мурожаатлари қабул қилинган. Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига доир 110 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, 70 дан ортиқ хизматлар соддалаштирилди. Шунингдек, Давлат хизматлари кўрсатишга оид 80 га яқин маъмурий регламентлар қабул қилинди. Натижада, талаб этиладиган ҳужжатлар сони 167 тадан 79 тага, хизмат кўрсатиш муддати эса 499 кундан 271 кунга қисқартирилди. 254 та Давлат хизматидан my.gov.uz портали орқали фойдаланиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш тартиби, уларнинг устав фонди, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг устав фондига қўйилган талаблар каби қатор ҳолатлар оптималлаштирилди[5].

Амалга оширилган мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш» рейтинги «бизнесни рўйхатдан ўтказиш» индикаторида 190 та давлат ичида 8-ўринни эгаллади[6].

Давлат хизматига кадрларни тайёрлаш ва қабул қилиш янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Давлат бошқаруви ва хўжалик функцияларини бирга қўшиб олиб боришдан воз кечиш ҳамда давлат хизмати самарадорлигини ошириш мақсадида 2019 йил 3 октябрдаги Президент Фармони[7] билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил қилинди[8].

Давлат бошқаруви соҳасида эркин фуқаролик жамияти барпо этишда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишнинг воситаси сифатида Президент Халқ ва виртуал қабулхоналари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамоатчилик назорати институтлари ҳамда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.

2017 йилдан бошлаб фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг барча ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналари аҳоли билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиб, жойларда юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш, камчиликларни бартараф қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатлари рўёбга чиқарилишини таъминламоқда.

Мисол учун, биргина 2017 йилнинг ўзида Виртуал ва Халқ қабулхоналарига жисмоний ва юридик шахслардан 1,4 миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушган. 2019 йилдан бошлаб эса Президентнинг Халқ қабулхоналари муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишнинг фаол тизимига ўтди. 2020 йилда Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 1,2 миллионга яқин мурожаат бўлган[9]. Президент Халқ қабулхоналари томонидан киритилган ахборот ва эшитилган ҳисоботлар натижасида мурожаатлар билан талаб даражасида ишламаган 752 нафар[10] масъул ходим жавобгарликка тортилган. Халқ қабулхоналарига давлат органларининг фаолиятини ўрганиш, уларга тақдимномалар киритиш, қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш ваколатлари берилди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришнинг институционал-ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар матбуот хизматларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигини етарли даражада йўлга қўйиш, ахборот соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, мамлакат медиа-бозорини жадал ривожлантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда китоб ва бошқа босма маҳсулотлар ишлаб чиқариш тизимли йўлга қўйилди.

Президент Ш. Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори»[11] деган ғоянинг илгари сурилиши натижасида ҳукумат ислоҳотларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларини иттифоқчи сифатида кўра бошлади. Бу эса, мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг эркин фаолият юритиши учун янада кўпроқ имкониятларни яратишда, қонунчиликдаги ўзгартиришлар ва ташаббусларда намоён бўлди[12].

Бугунги кунда Ўзбекистонда 9 200 дан ортиқ ННТ фаолият юритмоқда[13]. Хусусан, яратилган ҳуқуқий асослар натижасида, мамлакатда ННТларнинг эркин ва барқарор ривожланиши янада жадаллашди. Хусусан, 1991 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республикада 95 та ННТ фаолият кўрсатган бўлса, 2000 йилнинг 1 январига келиб, уларнинг сони 2585 тага, 2016 йилда 8417 тага, ҳозирга кунда эса 9200 га яқинни ташкил этмоқда.

Нодавлат ташкилотларнинг ўсиш тенденциясига уларнинг иш самарадорлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирларнинг ижроси бевосита таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, шу соҳада 200 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб (шундан 20 га яқини сўнгги беш йилда қабул қилинган), ННТларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилган. Бу эса мамлакатда ННТлар фаолиятининг кенгайишига оид барча ташкилий-ҳуқуқий механизмлар шакллантирилгани ва бу жараён мустаҳкамлаб борилаётгани билан характерлидир. Буни Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўсиш динамикаси йилдан-йилга прогрессив давом этаётганида ҳам кўриш мумкин[14].

Шу билан бирга, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, нодавлат нотижорат ташкилотлар манфаатларини ифода этишга, давлат билан улар ўртасидаги кўприк вазифасини бажаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ташкил қилинди. Шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситаларини жорий этиш мақсадида давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди.

Натижада, ННТлар жамиятда очиқлик ва ошкораликни таъминлашда давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини шакллантиришда ташаббускорликни қўлга олмоқда.

Эътиборли жиҳати, Давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида олиб борилган ишлар узвий давом эттирилиб, 2021 йил – «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурида ҳам ушбу йўналишга қаратилган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган:

- қонун ижодкорлиги фаолияти ва қонунлар ижросини таъминлаш соҳасида Олий Мажлис палаталари ҳамда давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш;

- Бухоро шаҳрида «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» мавзусида халқаро форум ўтказиш;

- давлат бошқаруви органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш;

- ўрта ва қуйи бўғин бошқарув идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш;

- маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш;

- давлат фуқаролик хизматига кадрларни танлаш, уларнинг малакасини ошириш ва фаолиятини баҳолаш бўйича самарали ва очиқ тизимни жорий этиш;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг янги тизимини йўлга қўйиш;

- хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизимни яратиш;

- аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатга киришишида бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш;

- 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенглигига эришиш стратегиясини ишлаб чиқиш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан, Давлат дастурининг 4-бандида давлат бошқаруви органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюрократик тўсиқларни ва мажлисбозликни қисқартириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан иш жараёнларини оптималлаштириш, давлат бошқаруви ходимлари сонини меҳнат қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда ўртача 15% гача оптималлаштириш ҳамда вазирликларда фаолиятни туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштириш тизимини жорий этишни назарда тутувчи бир қатор вазифалар белгилаб олинган эди.

Ушбу вазифалар ижроси доирасида 2021 йил 3 апрель куни «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори қабул қилинди.

Қарор билан 2021 йил 1 майга қадар, 52 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг сонини 15% гача мақбуллаштириш, 26 та вазирлик ва идоранинг мавжуд 106 та раҳбар ўринбосари лавозимини 40 тага қисқартириш ҳамда устав фонди (капитали)да давлат улуши 50% ва ундан ортиқ миқдорда бўлган хўжалик жамиятлари акциядорлар умумий йиғилишида, шунингдек, давлат корхоналари бошқарув органларида камида бир нафардан ўринбосари лавозимларини қисқартириш, шунингдек, бошқарув ходимлари сонини 10% миқдорида мақбуллаштириш белгиланди.

Шунингдек, ўз вақтида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган Давлат дастурининг биринчи ярим йилликда ижро этилиши белгиланган яна бир қатор бандлари ҳаётга татбиқ этилди. Хусусан, 2021 йилнинг 23 март куни «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармон билан «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурининг 10-банди ижроси таъминланиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатга киришишида бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш билан боғлиқ вазифалар белгиланди.

2021 йилнинг 5 мартидаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори билан хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар янги босқичга олиб чиқилди.

Эндиликда, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш, ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўлидаги муҳим ислоҳотларнинг катта қисми халқ ҳокимиятчилиги механизмларини кучайтириш, давлат ҳокимияти тармоқларининг мустақиллигини таъминлаш, Парламентнинг ролини янада кучайтириш, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг очиқлигини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш ва рағбатлантиришга қаратилди.

Мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизни рози қилишга ҳамда Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдонда кенг эътироф этилишига хизмат қилмоқда. Бу эса мамлакатда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар, олиб борилаётган прагматик ички ва ташқи сиёсатнинг қанчалик тўғри ва самарали эканидан далолат беради.

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи,

Халқ депутатлари Арнасой туман Кенгаши депутати

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+