Жамият юксалишида хотин-қизларнинг ўрни

30.04.2021 16:04:47

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларга катта эътибор қаратилмоқда. Жамиятимизнинг турли соҳаларида уларнинг фаол иштирок этишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Диёримизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга, аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этишган.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах шаҳар Кенгаши томонидан Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда Жиззах шаҳридаги Сайилжой академик лицейида “Ўзбек аёлларининг фан ва таълим соҳасидаги ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда партиянинг Жиззах шаҳар Кенгаши фаоллари, Жиззах давлат педагогика институти ўқитувчилари, лицейнинг ўқитувчи ва талабалари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан юксак маънавиятли ва маърифатли, намунали одоби ва тарбияси билан эътироф этилган оналаримизнинг издошлари бугун давлат ва жамият қурилишида, ишлаб чиқаришда, илм-фан, маданият, тиббиёт, таълим ва ҳатто ҳарбий соҳада хизматлари беқиёс эканлигини таъкидлаб ўтишди. Юртимизда хотин-қизларнинг мавқеини  янада юксалтириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш учун ижтимоий-сиёсий, иқтисодий соҳаларда уларнинг билимларини кучайтириш учун янада кенгроқ шарт-шароитлар ва имкониятлар яратилмоқда.

Хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга эътибор кучайтирилаётганлигининг яна бошқа жиҳатлари ҳам бор. Хусусан, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, иқтисодий фаолиятни кенг йўлга қўйиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш масалалари давлатнинг муҳим мақсадлари қаторидан жой олди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар таълим ва тарбияга эътиборнинг кучайтирилиши билан янада мустаҳкамланди. Юртимиз равнақи, фарзандларимизнинг, хусусан қизларимизнинг билимли, ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб улғайишида, жамиятимизнинг маънавий-маърифий жиҳатдан юксалишида хотин-қизларимизнинг ҳиссаси каттадир.

Ўзбекистон аёллари давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этмоқда, уларнинг оиладаги мавқеи мустаҳкамланмоқда, - дейди партиянинг Жиззах шаҳар Кенгаши раиси Дилбар Ҳакимова. - Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсат хотин-қизларимизга чинакам бахтли яшаши учун, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларни таъминлаш, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий ҳамда оилавий мажбуриятларни ҳамоҳанг тарзда бажариши учун зарур имкониятлар яратаётир.

Бундай эркин фаолият мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилган шарт-шароитлар туфайлидир. Бинобарин, мазкур давра суҳбатида ҳам узоқ йиллар давомида тўпланган хотин-қизлар ҳаётидаги тажрибалар, эришилган ютуқлар билан бир қаторда бугунги кунда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги мавжуд масалалар юзасидан фикр алмашиш мақсад қилиб қўйилган.

 

Шахноза СОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+