Жамиятнинг мустаҳкам пойдевори

16.03.2022 09:03:37

Давлатимиз раҳбарининг келгусида янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлидаги белгиланган режа ва дастурларининг «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилига асосланганлиги билан аҳамиятли ва долзарблиги жуда юқори эканлигини кўриш мумкин. Президентимиз нутқида экология муаммоларини бартараф этиш учун муҳим чора-тадбирларни белгиланишига алоҳида эътибор қаратгани бугунги ҳаётимиз учун жуда муҳим қадам бўлди, деб ўйлайман.

Биргина Оролбўйи ҳудудларида амалга оширилаётган ишларни ёдга оладиган бўлсак, денгизнинг қуриган тубида юз минглаб гектар ўрмон ва бутазорларнинг ташкил этилаётгани, амалга оширилаётган улкан қурилиш ишлари халқимизни юксак марралар сари руҳлантирмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар хусусида сўз юритар экан, бундай муаммоларни ҳал этишда куч ва имкониятларни бирлаштириш, барча саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш лозимлигини, Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилишни доимо таъкидлаб келмоқда.

Юқорида айтганимиздек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосини инсон омили, унинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига, унинг фаровон ва бахтиёр ҳаёт кечириши учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган. Бу борада инсон ҳақ-ҳуқуқларининг конституция­вий кафолатлари муҳим аҳамият касб этади.

Инсон ҳуқуқларини суд-ҳуқуқ тизими орқали ҳимоя қилиш борасида ҳам кейинги беш йил ичида катта ислоҳотлар амалга оширилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги фикримизнинг исботидир.

Мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашда адолатнинг ўрни юқори. Адолат бу давлатчиликнинг мус­таҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимиздаги ислоҳотлар кучли фуқаролик ҳуқуқий демократик давлат барпо этишга қаратилган. Бунда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш жуда муҳим. Президентимиз бу борада сўз юритар экан, фуқаролар ўртасида қонунга амал қилиш ҳиссини шакллантириш – боғча ва мактабдан тортиб олийгоҳгача, барча таълим муассасаларининг, ҳар бир оиланинг биринчи навбатдаги вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, сенатор ва депутатлар, кенг жамоатчилик, халқимиз эътиборига бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимиз — Конституцияни такомиллаштириш масаласини кўриб чиқишни ҳавола қилгани ҳам бу борадаги муҳим қадам бўлди. Зеро, дунё тажрибасидан маълумки, туб бурилишлар даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилган.

Мамлакатимиз ҳаётини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиш қийин. Зеро, оммавий ахборот воситалари амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга, жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга барча даражадаги раҳбарларни даъват этиб келмоқда. Ошкоралик ва сўз эркинлиги бу — давр талаби, бу — Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби.

Мамлакатимизда инсон камолотида муҳим бўлган таълим-тарбиянинг ривожи бу борадаги ислоҳотлар билан боғлиқ. Давлатимиз раҳбари келгусида бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар хусусида сўз юритар экан, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишнинг асоси бўлган замонавий илм ва тарбияни йўлга қўйишда бугунги ва эртанги кун, ёшлар тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар кераклигини таъкидлади.

Хотин-қизлар вакили сифатида шуни таъкидламоқчиманки, бугун давлатимиз раҳбари эътибори билан мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар кўплаб аёлларнинг, опа-сингилларимизнинг турмуш шароит­ларини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан ортиқ опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимизга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар натижасида парламент янги таркибининг 30 фоизи аёллардан иборат бўлди.

Президентимиз нутқида келгусида ҳам хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун шароитларни кенгайтириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтариш мақсадида Миллий дастур қабул қилинишини таъкидлагани жуда қувонарли бўлди.

Гавҳар Алимова,

Сенатор, халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши депутати,

Каттақўрғон шаҳар ҳокими.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+