Жамоатчилик фикрини ҳисобга олиб, тўғри қилинибди

12.08.2021 16:08:58

Маҳалламизда чойхона бор. У ерда турли ёшдаги қўни-қўшнилар тўпланиб туришади. Бир пиёла чой устида суҳбатлар бўлиб туради. Мавзулар албатта, хилма-хил – атрофдаги тўй ва маъракалардан тортиб то дунёнинг қайси бир бурчагида рўй бераётган воқеаларгача. Куни кеча мен ҳам у ердаги суҳбатда иштирок этдим.

Бу гал коронавирус пандемияси ҳақида гап кетди. Жаҳоннинг барча мамлакатларида мазкур хасталикка қарши олиб борилаётган кураш ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистонда ҳам бу борада қилинаётган ишлар тилга олинди. Айниқса, меҳнат фахрийси Юсуфжон ака Зокировнинг фикрлари таъсирли чиқди. Дарвоқе, у кишини чор атрофда танимайдиган одам йўқ. Узоқ йил нон комбинатида ишлаган. Анчагина маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам раислик қилган. Сиёсатни яхши тушунади, гапга ҳам чечан, ҳар бир ҳолатдан энг мақбул хклоса чиқара олади.

– Ҳурматли маҳалладошлар, бугун кўпчиликни қувонтирадиган янгиликка тўхталмоқчиман, - дели у. – 13 августдан бошлаб масжидларда жума намозларини адо этишга рухсат берилди. Бундан кўпчилик хабардар ҳам бўлди. Бунинг учун давлатимизга катта раҳмат. Чунки мўмин-мусулмонларнинг хоҳиши эътиборга олинибди. Лекин бундан сиз билан биз учун келиб чиқадиган вазифа борлигини унутмаслигимиз лозим. Мен эмланиш масаласини назарда тутмоқдаман. Биринчи галда ўзимиз вакцина олишимиз керак, унинг тождор вирусга қарши курашда катта аҳамияти бор. Қолаверса, оила аъзолари, қўшнилар, қариндошлар, таниш-билишларни ҳам шунга даъват этсак, фойдадан холи бўлмайди.

Шундан кейин суҳбат янада қизиди. Фикр билдирмаган одам деярли қолмади. Якуний хулоса эса шундай бўлди: яратилган шароитдан унумли фойдаланамиз, бироқ ижтимоий масофа, тиббий ниқоб, эмланиш каби омилларни ҳам эсдан чиқармаймиз. Санитария-гигиена қоиларига риоя қилиниши устидан ҳар бир киши назорат ўрнатиши даркор.

Ҳа, мамлакатда 13 августдан масжидларда жума намозларини ўқиш бўйича карантин чекловлари бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарор Наманган вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида ана шундай қониқиш билан кутиб олинди. Барча ушбу масалада кенг жамоатчилик фикри ҳисобга олинганлигидан хурсанд бўлди. Қўйилган айрим талабларни бажаришга ҳам киришилди. Мисол учун, Дин ишлари бўйича қўмита таклифига биноан Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган қарорга кўра масжидларнинг барча ишчи ва ходимлари (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) вакцинанинг камида 2 та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлиши лозим. Намозхонларда эса  эмланганлиги тўғрисидаги QR-коди ёки сертификати мавжуд бўлиши зарур. Шунингдек, ҳаммадан  тиббий ниқобда бўлиш ва ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+